Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 16:41 Чоп этиш версияси

Жиззах вилоятида хотин-қизлар учун 16 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади

Жиззах вилоятида 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 32,2 минг, жумладан, хотин-қизлар учун 16,3 минг иш ўрни яратиш белгиланган. Ушбу дастурни амалга оширишда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси вилоят бўлими ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими томонидан хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежларини битирган қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандлик ва уй меҳнати билан шуғулланишга жалб этишга бағишлаб ўтказилган семинарда бу алоҳида таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аёлларни касбга ўргатиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда уюшма вилоят бўлими фаоллари томонидан мазкур фармон мазмун-моҳиятини хотин-қизлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва фаолиятини бошлашда кўмаклашишга қаратилган бир неча лойиҳа амалга оширилмоқда. Бўлим қошида аёлларни бизнес юритишга ўргатиш, молиявий-ҳуқуқий билимини ошириш, қандолатчилик, тикувчилик каби касбларга йўналтириш гуруҳлари фаолият кўрсатаётир. Гуруҳ аъзолари банк ва солиқ идоралари мутахассислари билан ҳамкорликда туманларда семинар ва суҳбатлар ўтказмоқда, бизнес режалар ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда.

– Бу ишда, айниқса, қишлоқ хотин-қизларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Нозима Тугалова. – Шу мақсадда ҳозиргача Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят филиали, туман хотин-қизлар қўмиталари, “Ягона дарча” маркази, солиқ инспекциялари билан ҳамкорликда Бахмал ва Фориш туманларида тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган коллеж битирувчилари ва уларнинг ота-оналари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди. Айни пайтда ушбу семинарларда иштирок этган қизлар кредит олиш учун ҳужжат топшириб, тикув машиналарига буюртма бермоқда.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 630






Все о погоде - Pogoda.uz