Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 17:52 Чоп этиш версияси

Мўйноқ туманида 260 га яқин хотин-қиз доимий иш билан таъминланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида “Қўнғирот – Мўйноқ” ичимлик суви тармоқлари қурилиши бошланиши билан танишди.

101 километрлик ушбу йирик сув тармоғи ишга туширилгач, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

Президентимиз юртимизнинг чекка ҳудудларидан бўлган Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар самарасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам иқтисодиёт тармоқлари, саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб ярми, ҳудудий экспортнинг 75 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Иш билан банд аҳолининг 75 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилаётир.

Бу борадаги ишлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янада жадал давом эттирилмоқда.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳаларга кўра, Мўйноқ туманида 260 га яқин хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.

Биринчи лойиҳа асосида туман марказида “Gold Muynak masters” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Автоёпқичлар, пахта йиғим-теримида фойдаланиладиган этак, турли халқ истеъмоли моллари, саноат корхоналари учун коржомалар тайёрлашга мўлжалланган ушбу корхонага Хитойдан 99 замонавий “JUITA” тикув машинаси келтириб ўрнатилди.

Корхонанинг очилиш маросимида давлат ва нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг хоҳиш-истакларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этиш борасида кўрсатаётган ташаббуслари биз, мўйноқликларни беҳад қувонтирмоқда, – дейди “Gold Muynak masters” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамила Қарлибоева. – Корхонамиз буюртма асосида маҳсулот ишлаб чиқаради. Лойиҳага кўра, уйда ўтирган 50 дан ортиқ хотин-қизга замонавий тикув машиналари бепул берилди. Тузилган шартнома асосида улар оиласи, рўзғоридан узилмаган ҳолда уйида буюртма бажаради. Касаначиларнинг ҳар бирига меҳнат дафтарчаси, давлат солиқ қўмитасида рўйхатга олинганлиги ҳақида солиқ тўловчининг идентификация рақами, Халқ банки томонидан пенсия жамғармаси дафтарчаси топширилди.

Корхонада меҳнат қилаётган 160 га яқин тикувчининг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган қизлардир.

– Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридан Мўйноқ туманига келин бўлиб тушганман, – дейди Гулноз Абишева. – Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида тикувчилик бўйича ўқиганман. Уч йилдан буён уйда ишсиз ўтирган эдим. Замонавий саноат корхонаси бунёд этилиб, тенгдошларим қатори мен ҳам ўз касбим бўйича ишга жойлашдим.

Корхона йилига 4,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Лойиҳанинг иккинчи қисмига кўра, туман марказидан 18 километр узоқда жойлашган “Учсой” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи юз нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг ҳар бирига “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси томонидан Японияда ишлаб чиқарилган, бир пайтда 12 жараённи бажариш имкониятига эга “JANOME” замонавий тикув машинаси топширилиб, 401,7 миллион сўмлик газлама етказиб берилди.

– Овулда иш билан таъминланган аёлларнинг ҳуқуқий манфаатлари ва меҳнат шароитлари прокуратура идоралари томонидан доимий назоратда бўлади, – дейди туман прокурори Женгис Ермашев. – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги мутахассислари томонидан тикувчиларга маҳорат дарслари ўтилди, техника хавфсизлигини таъминлаш чоралари белгиланди.

Туманда амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, энг муҳими, уларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 789






Все о погоде - Pogoda.uz