Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 19:30 Чоп этиш версияси

Хорижлик инвесторлар Жиззахда

Инвестициявий шароитлар билан танишиш, ҳамкорлик шартномалари тузиш мақсадида бир қатор йирик хорижий компаниялар вакиллари Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Буюк Британия, Италия, Озарбайжон ва Қозоғистон давлатларининг етакчи иқтисодий тармоқлари ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси вакилларидан иборат ишбилармонлар икки кун давомида “Жадал ҳамкорлик” шиори остида ташкил этилган учрашув ва тадбирларда иштирок этди.

Ташрифнинг биринчи куни меҳмонлар вилоят ҳокими Э.Солиев билан учрашди. Ҳоким меҳмонларга юртимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар, қулай географик жойлашув ва иқлим ҳақида маълумот берди. Ўзаро ҳамкорлик томонлар учун ҳар жиҳатдан самарали бўлишига ишонч билдирди.

Учрашувда Буюк Британиянинг “Sentinel Global” компанияси хорижий инвесторларни жалб қилишда консалтинг хизмати кўрсатиш, Италиянинг “Paghera” компанияси истироҳат боғлари, сув ҳавзалари ва интерьер дизайни, Озарбайжоннинг “BM Logistics” LLS компанияси қишлоқ хўжалиги, логистика, қурилиш ва туризм, Қозоғистоннинг “Etihain” LLP компанияси саноат, қурилиш, логистика ва суғурта хизматлари, “ILP Group” қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва логистика, “Energy” телекоммуникация хизматлари, “Antares Platinum” саноат, қурилиш, нефть ва сувни қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан таклифлар билдирди.

Учрашув якунида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва логистика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувлар имзоланди.

Тадбирнинг иккинчи куни вилоят марказидаги “Grand Hotel Uzbekistan” меҳмонхонасида делегация аъзолари ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирокида учрашув ташкил этилди. Томонлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашди. Ишчанлик муҳитида ўтган учрашувда хорижда ва Ўзбекистонда иқтисодий фаолият юритиш борасидаги қонунчилик асослари ва амалий шароитлар тўғрисида сўз борди.

Тадбир доирасида Жиззах шаҳар ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ф.Раҳимов томонидан вилоятнинг сайёҳлик ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, “Ming YuanSilu Industry”, “Жиззах Кентекс” ва аккумулятор заводи фаолияти билан танишди. Хорижий меҳмонлар давлатимиз томонидан инвестицион лойиҳалар учун яратилаётган шароит ва имкониятларга юқори баҳо берди.

– Менга Ўзбекистонда хорижий инвесторларга билдирилаётган ишонч, дўстона ва бағрикенглик муҳити жуда ёқди, – дейди Италиянинг “Paghera” компанияси вакили Альберто Массимо. – Юртингизда кейинги икки йилда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, иқтисодиётни модернизация қилиш, фаол инвестицион сиёсат юритиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакат тараққиётида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман. “Жадал ҳамкорлик” шиори остида ўтказилган ушбу тадбир катта амалий натижаларга асос бўлишига ишонаман.

Хорижлик ишбилармонлар Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, яқинда ишга туширилган “Ёшлар шаҳарчаси”, шаҳар истироҳат боғи ва Ўрда экологик боғи билан танишди.

Тошқул Бекназаров,ЎзА
4 402