Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 21:09 Чоп этиш версияси

Хорижий сармоядорлар янги геологик объектларга қизиқиш билдирмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳит яратилди. У давлатимиз раҳбарининг сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хорижий инвестицияларни турли соҳалар, ҳусусан, тоғ-геология тармоғига жалб қилиш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари доирасида мунтазам такомиллашиб бормоқда.

Тақдимотлар, бизнес форуми ва анжуманлар салоҳиятли сармоядорларни кенг хабардор қилишнинг анъанавий шаклларидандир. “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган “Ўзбекистондаги қаттиқ фойдали қазилмаларнинг инвестициявий салоҳияти” – “ЎЗГЕОИНВЕСТ – 2017” халқаро анжумани айнан шу мақсадга қаратилди. Унда 20 хорижий компаниянинг 50 дан ортиқ вакили қатнашди.

Тадбир Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги қаттиқ фойдали қазилмаларнинг стратегик муҳим турларини геологик ўрганиш ва конларни ўзлаштиришга чет эл инвестицияларини жалб қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ ташкил этилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ хорижлик сармоядорлар билан ҳамкорлик қилишда аниқ ҳаракатлар механизми ва ўзаро алоқалар тартиби тасдиқланди.

Ушбу муҳим ҳужжат чет эл тадбиркорлари учун мамлакатимиз тоғ-геология тармоғини янада либераллаштириш ва унинг очиқлигини ошириш, олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух каби қаттиқ қазилмаларнинг стратегик муҳим турлари, нодир ва камёб металлар, темир сингари юртимизнинг бой ер ости бойликларини ўзлаштиришга хорижий сармояларни жалб қилишни кучайтиришга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги “Қаттиқ фойдали қазилмалар ва конларни геологик ўрганиш мақсадида дастурий истиқболли танланган майдонларни ва фойдали қазилмаларининг стратегик муҳим турлари саноатини ўзлаштириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш мезонларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, хорижий сармоядорлар учун 29 кон ва 111 қаттиқ фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдони таклиф этилмоқда. Хусусан, сармоядорлар учун қимматли металлар бўйича 12 кон ва 31 истиқболли майдон, рангли металлар бўйича 18 майдон, ноёб ер ости металлари бўйича 14 кон ва 51 майдон таклиф этилмоқда.

Жорий йил 12 истиқболли майдонни геологик тадқиқ этиш ва олтита конни ишлаб чиқиш бўйича “B2 Gold” (Канада), “Росгеоперспектива” (Россия), “Shindong Resourses” (Жанубий Корея), “TUMAD” (Туркия), “NordGold” (Буюк Британия) каби компаниялар билан ҳамкорлик битимлари имзоланди.

– Ўзбекистон раҳбарияти томонидан иқтисодиётни либераллаштириш, хусусан, тоғ-геология соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хабар топгач, биз минерал ресурсларни ҳамкорликда қазиб олишнинг янги имкониятлари билан қизиқиб қолдик, – дейди Канаданинг “B2 Gold” компанияси бош геологи Даглас Маклохлин. – Қатор музокаралар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар билан танишгандан сўнг, истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқдик. Тез орада Навоий вилоятидаги учта истиқболли майдонда тадқиқот ишларининг биринчи босқичини бошлаймиз. Ушбу қидирув ишларига тахминан 2 миллион доллар, истиқболли конлар аниқланишига қараб эса 20-30 миллионгача ва ундан кўпроқ маблағ жалб этилади.

– Жорий йил олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан Навоий вилоятидаги Қозоқтов ва Қозоқтов-1 истиқболли майдонларида геология-қидирув ишларини ўтказишга келишиб олдик, – дейди Россиянинг “Росгеоперспектива” компанияси бош директори Владимир Чечулин. – Таъкидлаш жоизки, ҳамкорлик доирасидаги геология-қидирув ишларида мутлақо замонавий ва муваффақиятли усуллардан фойдаланилади. Хусусан, маъданларни аниқлашда янги аэрофизик усул Ўзбекистонда илк бор қўлланилади.

Анжуман якунлари бўйича чет эл инвестицияларини тўғридан-тўғри жалб этган ҳолда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича учта битим имзоланди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 8 миллион доллар, истиқболли конлар аниқлангач эса яна қарийб 30 миллион доллар ва ундан кўпроқ миқдордаги сармоя жалб этилади.

Инвестициявий лойиҳалар қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда геология-қидирув битимлари доирасида амалга оширилади.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
2 075






Все о погоде - Pogoda.uz