ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

Хорижий сармоядорлар сафи кенгаймоқда

Хорижий сармоядорлар сафи кенгаймоқда

Сирдарё вилоятига ташриф буюрган Хитой Халқ Республикаси делегацияси Янгиер шаҳрининг ривожланиши, иқтисодий ҳамкорлик учун имкониятлари ва маҳаллий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш самаралари билан танишди.

Шаҳар ҳокими И.Хўжаев Хитой Халқ Республикасининг бир гуруҳ йирик компаниялари раҳбарларини қабул қилиб, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани ва бу жараён иқтисодий соҳада ҳам янги босқичда давом этаётганини таъкидлади.

Шаҳар ҳокимлигида ўзаро дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашувда мутасаддилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан бажарилаётган ижобий ўзгаришлар, шаҳарнинг мавжуд ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда коммуникация инфратузилмалари ҳақида маълумот берилиб, ҳудудда амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти намойиш этилди.

Шунингдек, икки томонлама амалга оширилиши мумкин бўлган янги лойиҳалар хусусида делегация аъзоларига таклифлар ҳам берилди.

Ўз навбатида, делегация аъзолари йиғилганларга ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, “Shaanxi chunhua Jiangjiahe Coal Mine Co., Ltd” компанияси раҳбари сўнги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда обрў-эътибори тобора ортиб ва мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Юртимизда инвесторлар учун яратилаётган шароитлар самарасида чет эллик тадбиркорларнинг келиши ортаётганини қайд этди.

Шаҳар ҳокимлигидаги дўстона қабулдан сўнг делегация аъзолари “Янгиер” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Ташриф якунида инвесторлар шаҳарда қурилиш материаллари ҳамда мева-сабзоват маҳсулотларини саноат усулида етиштириш ва қайта ишлаш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида эканини билдирди.

Хитой-Янгиер-1.jpg

Хитой-Янгиер-5.jpg

Хитой-Янгиер-6.jpg

Хитой-Янгиер-10.jpg

Хитой-Янгиер-13.jpg

7 708
А.ҚАЮМОВ, ЎзА