Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 12:29 Чоп этиш версияси

Харидоргир пойабзаллар

Харидоргир пойабзаллар Самарқанд туманидаги "Amir-ul-Baxr" масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган пойабзал маҳсулотлари юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Табиий чармдан тайёрланаётган 300 турдан ортиқ маҳсулот ички бозорга етказиб берилиши билан бир қаторда хорижлик ҳамкорлар томонидан ҳам харид қилинаётир.

Мамлакатимизда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар корхона фаолиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги имкониятларни кенгайтирди.

– Замонавий технологиялар ёрдамида ойига 7 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди корхона директори ўринбосари Салоҳиддин Фазлиев. – “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси кўмагида жорий йилнинг иккинчи чорагида қўшимча замонавий ишлаб чиқариш ускуналари олиб келишни режалаштирганмиз. Натижада 30 га яқин иш ўрни ташкил этилади ва юздан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади.

2016 йилда 2 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарган корхона жорий йил учун 6 миллиард сўмлик буюртма портфелини шакллантирган. Бугунги кунда буюртмаларни ўз вақтида бажариш бўйича жадал суръатда иш олиб борилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ўтказиладиган маҳаллий ва халқаро саноат кўргазмаларида иштирок этишга ҳам пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 952






Все о погоде - Pogoda.uz