Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2017 16:29 Чоп этиш версияси

Харажати оз – даромади соз

Фарғона вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва ушбу йўналишда ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Қўштепа туманидаги “Водий наслли қуёнлари” агрофирмасида айни вақтда “Янги Зеландия” зотли 400 қуён парваришланмоқда.

– Қуёнчилик сердаромад соҳа, – дейди агрофирма раҳбари Нуриддин Эминов. – Хўжалигимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун хориж тажрибасини ўрганиш, наслли қуён зотларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Италиядан 67 зотдор қуён келтириб, маҳаллий шароитда боқишни йўлга қўйдик. Хорижлик мутахассисларнинг кўмаги билан агрофирмада жониворларни сунъий урчитиш ва маҳаллий шароитга мослаштириш ишлари муваффақиятли якунланди.

Қуёнчилик бугунги кунда сердаромад соҳалардан бирига айланмоқда. Гўшти ва терисининг харидоргирлиги, етиштириш шарт-шароити осонлиги ва катта харажат талаб этмаслиги қуёнчилик билан шуғулланиш истагида бўлган киши учун айни муддао.

Тадбиркор ўз фаолияти аввалида “Микрокредитбанк” вилоят филиалининг 400 миллион сўм кредит сармоясига таяниб иш тутди. 5 йил муддатга тақдим этилган ушбу маблағдан қуёнлар парвариши учун жой ташкил этиш, мутахассислар тажрибасини ўзлаштириш ва хориждан зотдор қуёнларни олиб келишда самарали фойдаланди.

Бугун агрофирмада қуёнлардан бир йилнинг ўзида 8 маротаба, 5-13 тагача насл олиш мумкинлигини ҳисобга олсак, қулай иқлим шароити, хомашё базаси, табиий ер майдонлари етарли экани вилоятда бу истиқболли тармоқни жадал ривожлантириш мумкинлигидан далолат беради. Бу ерда ҳар бир қуёндан ўртача 5 килограммдан парҳезбоп гўшт етиштирилиб, водий вилоятлари ва Тошкент шаҳрига етказиб берилмоқда.

Қуёнчилик ҳақида гап кетганда кўпчилик “Ажойиб хаёлпараст” бадиий фильмини эслайди. Тажриба учун олиб келинган қуёнлар тез кўпайиши билан фильм қаҳрамони – Ҳасаннинг эътиборини тортади. Тезда бойиб кетишни кўзлаган Ҳасан аканинг фикри ўша давр учун шунчаки ҳавас бўлиб туюлиши мумкин, аммо бугун қуён боқиш кўпчилик учун даромад манбаига айланган.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
733






Все о погоде - Pogoda.uz