Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 16:22 Чоп этиш версияси

Халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда

“Навоий” эркин иқтисодий зонасида “Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кичик ва ўрта бизнес субъектлари билан ҳамкорлик механизмлари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик йилларида иқтисодиётимизнинг турли тармоқларига 500 миллион доллардан зиёд маблағ жалб қилиниб, бунинг самарасида 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 март куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти билан учрашувида банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталя Ханженкованинг таъкидлашича, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни янада тараққий эттириш, уларга молиявий кўмак бериш мақсадида тижорат банклари билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилади. Бу маҳаллий тадбиркорлик субъектларини модернизация қилиш ва уларнинг жаҳон бозорига чиқишида муҳим омилдир.

– Тадбиркорлик фаолиятимизни бошлаган илк даврда мазкур банк маблағларидан самарали фойдаланган эдик, – дейди Бухоро вилоятидаги “Феруз Азиз Бухорий” хусусий корхонаси раҳбари Эркин Тўқсонов. – Хусусан, қатор имтиёзлар, кредит шартлари қулайлиги бизга маъқул. Бугунги семинарда тадбиркорлар учун яратилган қўшимча янгиликлар хусусида атрофлича маълумот олдик.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
5 024






Все о погоде - Pogoda.uz