Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2017 18:28 Чоп этиш версияси

Хўжасаят участкасидан табиий газ қазиб чиқариш ишлари бошланди

Хўжасаят участкасидан табиий газ қазиб чиқариш ишлари бошланди “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) ўртасида 2006 йил июнь ойида тузилган битимни амалга оширишда самарали натижаларга эришилмоқда.

Бухоро вилояти Олот туманида «New Silk Road Oil and Gas» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган «Денгизкўл газ конденсати конининг (ГКК) Хўжасаят участкасини, Хўжадавлат ГККни ва Шарқий Олот ГККни ободонлаштириш» лойиҳаси доирасида аҳоли яшаши учун мўлжалланган шаҳарча барпо этилди. Хўжасаят участкасидан табиий газ қазиб чиқариш ишлари бошланди.

10.jpg

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Б.Сиддиқов, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ, мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланиб, барча тегишли имтиёзлар берилганини таъкидлади.

7.jpg

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давомида CNPC корпорацияси директорлар кенгаши раиси Ван Илин билан учрашуви лойиҳани амалга ошириш ишларини янги босқичга кўтарди. Хусусан, CNPC корпорацияси кафолати остида Хитой банки билан қисқа муддатда кредит битими имзоланди. Жорий йил 30 май куни тамал тошини қўйиш маросими ўтказилиб, лойиҳани рўёбга чиқариш ишлари фаол босқичга чиқди.

5.jpg

Ўтган олти ой давомида 47 километр узунликдаги магистраль газ қувури, 15,7 километрли шлейф газ қувури ётқизилди. Хўжасаят участкасини ободонлаштириш ишлари якунланиб, 2 янги қудуқ бурғиланди, аввал бурғиланган учта қудуқ мукаммал таъмирланди. Шунингдек, реал вақт тартибида табиий газ қазиб чиқаришни назорат қилиш учун замонавий автоматлаштирилган бошқариш пульти қурилди.

– Мамлакатимизда нефть ва газ соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Б.Сиддиқов. – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланган. Соҳани жадал ривожлантиришда хориж компаниялари билан ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Хитойлик шериклар билан алоқаларимиз доираси кенгайиб бораётир. Илгари ҳамкорликдаги фаолиятимиз газ қувурлари барпо этиш, табиий газни узатиш, етказиб бериш билан боғлиқ бўлса, эндиликда ерости табиий бойликларини қидириш, ўзлаштириш лойиҳаларини ҳам амалга оширмоқдамиз. Наманган вилоятида нефть конларини ўзлаштиришда ҳам ҳамкорлик қиламиз.

Тадбирда хорижлик ҳамкорлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

– Компаниямиз Ўзбекистонда амалга ошираётган қўшма лойиҳалар жуда юқори инвестицион жозибадорликка эга, – дейди Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) вакили Ван Чжунцай. – Шу ўринда иккала мамлакат манфаатларига хизмат қиладиган бунёдкорлик ишларига катта ҳисса қўшаётган ўзбекистонлик мутахассисларнинг профессионаллигини алоҳида таъкидламоқчиман. Уларнинг хитойлик мутахассислар билан ҳамжиҳатликдаги меҳнати туфайли қисқа муддатда белгиланган вазифаларни сифатли бажаришга муяссар бўлдик. Биз бундай ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз.

Мураккаб чўл шароитида ишчи ва мутахассисларнинг самарали фаолият юритишида уларга яшаш ва дам олиш учун муносиб шароит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳат ҳисобга олиниб, бу ерда 72 кишига мўлжалланган ва барча қулайликларга эга вахта типидаги шаҳарча барпо этилди.

Қўшма корхона томонидан Хўжадавлат ва Шарқий Олот газ конденсати конларини ободонлаштириш, 8 янги қудуқни бурғилаш ва аввал бурғиланган учта қудуқни таъмирлаш, 43 километрли газ қувурини ўтказиш режалаштирилган.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида йилига экспортга йўналтириладиган 1 миллиард куб метргача табиий газ қазиб чиқариш ва ички бозор учун қарийб 6,5 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқариш таъминланади. 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Корхона томонидан геологик қидирув ишлари олиб бориш, янги истиқболли углеводородли конларни ишга тушириш борасида ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
1 950






Все о погоде - Pogoda.uz