Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 16:00 Чоп этиш версияси

“Катализатор” илмий-тадқиқот маркази нимага хизмат қилади?

Ҳозирги вақтда дунё миқёсида аниқланган табиий газ захиралари 187 триллион метр кубни ташкил этади. Мамлакатимизда бу кўрсаткич 2 триллион метр куб бўлиб, табиий газнинг 1,5-2 фоизи кимёвий қайта ишланмоқда. Дунё бўйича этиленга йиллик эҳтиёж 180 миллион тоннани, пропиленга 150 миллион, винилхлоридга 42 миллион, винилацетатга 5,8 миллион тоннани, стиролга 19,2 миллион тоннани ташкил этади.

Бугунги кунда дунё бўйича йилига 15 миллиард тонна карбонат ангидрид атмосферага чиқарилмоқда. Атмосферада карбонат ангидрид миқдорининг бундай кескин ортиб бориши оқибатида яқин 15-20 йил ичида ер юзида ҳарорат 0,35 даражага, 100-120 йилдан сўнг 1,5-2 даражага кўтарилиши башорат қилинмоқда. Бу эса глобал экологик ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Ушбу экологик муаммони ҳал қилишнинг энг истиқболли усули карбонат ангидридни метан билан конверсиялаб, синтез-газ ва метанол ишлаб чиқаришдир.

Самарқанд давлат университетида ташкил этилиши таклиф қилинаётган “Катализатор” илмий-тадқиқот маркази шу мақсадни амалга оширишга қаратилган. Таъкидлаш жоизки, кейинги пайтда юртимизда замонавий инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг академик олимлар, илм-фан намояндалари билан учрашувларида бу борадаги илмий тадқиқотларни янги босқичда давом эттириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Ушбу йўналишда Самарқанд давлат университетининг физикавий кимё, ноорганик ва органик кимё, аналитик кимё кафедралари томонидан ҳам кейинги йилларда бир қатор инновацион ишланмалар тайёрланиб, ишлаб чиқаришда фойдаланилмоқда.

Университетда янги илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши эса бу борадиги ишларни кенг кўламда давом эттириш имкониятини бериб, табиий газ ва нефть йўлдош газларидан ЕВРО-5, ЕВРО-6 стандартларига мос суюқ ёқилғи ва ароматик углеводородлар (толуол, этилбензол, стирол, ксилол ва бошқалар) олиш учун маҳаллий хомашё ва табиий ресурслар асосида катализаторлар яратиш, энергия ва ресурстежамкор, кам чиқиндили технологиялар ишлаб чиқиш ҳамда валютани тежашга хизмат қилади.

Шунингдек, саноат чиқиндиларидан винилхлорид, винилацетат, этиленгликоль, терефтал кислотаси, лавсан толаси, комплекс минерал ўғитлар, пластмасса ва бошқа импорт ўрнини босувчи моддалар ишлаб чиқариш ва рақобатбардош технологиялар яратиб, юртимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга ёрдам беради.

Ҳозирги кунда мавжуд технологиялар асосида 100 литр табиий газдан 3-4 литр этилен олиш имконияти бўлса, биз таклиф этаётган янги технология асосида 100 литр табиий газдан 25-30 литр этилен олиш мумкин. Энг асосийси, глобал экологик муаммо ҳисобланган “парник эффекти”ни келтириб чиқарувчи метан ва карбонат ангидрид газларидан 100 дан ортиқ органик модда ишлаб чиқаришда муҳим хомашё бўлган синтез газ ва метанол олиш ҳамда юқорида қайд этилган жараёнларда ZSM типидаги юқори кремнийли цеолитларни катализатор сифатида амалда қўллаш имконияти яратилади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” лойиҳалаш институти ва Тошкент кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти билан бирга Самарқанд давлат университетида ҳам ходимлар малакасини ошириш йўналишларини ўзида мужассам этган, замонавий ва янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган “Катализатор” илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Нормурод Файзуллаев,
Самарқанд давлат университети
физикавий кимё кафедраси доценти,
техника фанлари доктори.    

ЎзА
15 891