Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 16:50 Чоп этиш версияси

Картошкачилик: изланиш, имконият, истиқбол

Турли манбаларда қайд этилишича, тахминан тўққиз минг йил илгари кашф этилган картошканинг ватани Перу ва Боливиядир. Унинг 4 мингдан ортиқ нави мавжуд.

Юртимизда картошканинг янги ҳосилдор навларини яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш йўлидаги изчил изланишлар ўз самарасини бермоқда. Хориждан "санта", "кондор", "романа" каби навлар уруғлари келтирилиб, маҳаллийлаштирилди. Шунингдек, селекционер олимларимиз яратган картошканинг "умид", "тўйимли", "акроб", "диёра", "кўксарой", "серҳосил", "сарнав", "пском", "барака" каби юзга яқин нави қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган. Картошка нисбатан салқин ва қумлоқ ерларда яхши ўсади. Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларининг тоғолди ҳудудларида юқори ҳосил олиш борасида муайян тажриба тўпланган.

Агар 1990 йил юртимизда 300 минг тонна картошка етиштирилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич қарийб 3 миллион тоннага етди. 1990-йиллари ҳар гектар ердан ўртача 85 центнердан картошка ҳосили олинган бўлса, ҳозир бу рақам 240-250 центнерга етмоқда.

Талаб ва таклиф мос келмаса...

Халқимиз картошкани “иккинчи нон” сифатида эъзозлайди. Шу боис бозорларимизда унинг нархидаги озгина ўзгариш ҳам эътибордан четда қолмайди. Пойтахтимиз бозорларини кезсангиз, нарх-наволарнинг турлича эканига гувоҳ бўласиз. Мисол учун, Сергели деҳқон бозорида картошканинг нархи 3 минг 500 сўм, "Наврўз" деҳқон бозорида 4 минг сўмни ташкил этади. “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятининг махсус расталарида эса картошка 2 минг 800 сўмдан сотилмоқда.

Ҳар йили нархи мўътадил сақланиб турган ва деҳқонларимиз юқори ҳосилдорликка эришаётган картошка баҳосидаги ўзгаришларга нима сабаб бўлди?

– Мамлакатимизда картошка ҳосилининг салмоқли қисми Тайлоқ, Ургут, Булунғур ва Жомбой туманларида етиштирилади, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Фахриддин Қирғизбоев. – 2015 йил бу ҳудудларда кўп миқдорда ҳосил олинди. Бозорда ушбу маҳсулотга таклиф талабдан анча кўпроқ бўлди. Унинг деҳқондан олинадиган улгуржи баҳоси тушиб кетди. Бу уруғлик, ерни тайёрлаш, ўғит ва ҳосилга ишлов бериш (зараркунандаларга қарши курашиш) харажатларини қоплаш даражасига етмади, деҳқонлар жиддий зарар кўрди. 2016 йилги мавсумда картошка кам экилди. Бу эса бозорларда картошка нархига таъсир ўтказди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолининг озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида картошкачилик тармоғида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 июндаги “2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унга кўра, жорий йил қўшимча равишда 37 минг гектар майдонда такрорий экин сифатида кузги картошка парваришланмоқда. Жумладан, Сурхондарёда 10 минг гектар майдонга картошка экилди. Бундан ташқари йирик ташкилот ва компаниялар ўз ишчи-ходимларини қишки захира билан таъминлаш мақсадида камида 20 гектар майдонда картошка етиштирмоқда.

2016 йил 2 миллион 900 минг тонна ҳосил олинган. Жорий йил картошка майдонлари ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайди. Бу эса тахминан 3 миллион 500 минг тоннадан зиёд ҳосил демакдир.

Мўл ҳосил етиштириш сирлари

– Ҳар йили ғалла йиғиб олингач, иккинчи экин сифатида картошка экамиз, бу йил ҳам қарийб уч гектарда уруғ қададик, – дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Миракбар ота” фермер хўжалиги раҳбари Мирсаид Миркаримов. – Ҳозир чопиқдан чиқди. Ғайрат қилиб ишлаяпмиз. Ниятимиз бу йил янада кўпроқ ҳосил етиштириш. Такрорий картошка етиштиришнинг ўзига хос машаққатлари бор. Бу борада бир неча йилдан буён Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорлик қилаётганимиз мўл ҳосил етиштиришда қўл келмоқда.

Ҳа, мамлакатимизда деҳқон ва фермерларга илмий тавсия ва кўмак берувчи қатор илмий-тадқиқот институтлари фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти улардан бири. Илмий жамоа картошкани турли муддатда истеъмол учун ва уруғлик мақсадида етиштириш, янги маҳаллий навлар яратиш, навларни ҳудудларга жойлаштириш, юқори ҳосил олиш технологиясини яратиш ва бошқа долзарб масалалар билан шуғулланмоқда.

– Картошка етиштиришда ўғитларнинг ўсимлик ҳосили ва сифатига таъсирини аниқлаш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида унинг асосий озуқа моддаларига бўлган талабчанлиги аниқланди, – дейди институт директори ўринбосари Рустам Низомов. – Картошка экинларида учрайдиган зараркунанда ва касалликлар биологияси ўрганилиб, уларга қарши кураш чоралари бўйича самарали натижаларга эришилди. Интенсив технология ишлаб чиқиш учун картошка етиштириш муддатини қисқартиришда эгатларни томчилатиб, озиқлантириб суғориш, ультрабинафша нури билан ишлов бериш жараёнлари ўрганилмоқда.

Институт Жанубий Корея билан ҳамкорликда “Картошка навларини ўрганиш ва бирламчи уруғ (манба) етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Унга кўра иссиқхона ва очиқ майдонда вирусдан холи уруғлик етиштириш бўйича тажрибалар давом этмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, деҳқонларимиз азалдан йил – ўн икки ой ердан ҳосил олишга интилиб келган. Ҳатто қиш кунлари ҳам қулай ва ғанимат дамлардан омилкорлик билан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Хусусан, февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида плёнка остига экилган картошкадан июнь ойида ҳосил йиғиштириб олиниши илмий тадқиқотларда аниқланди. Бунда ҳар гектардан ўртача 18-20 тонна ҳосил олиш мумкин экан. Ёки картошканинг ундириб экилган уруғлик тугунаклари ҳам ҳосилдорликни 15 фоизгача ошириб, одатдагидан 15-20 кун эртароқ пишиб етилишини таъминлайди.

Жорий йилдан бошлаб картошкага давлат буюртмаси жорий этилди. Бу каби пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолига узлуксиз, арзон нархларда картошка етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 145






Все о погоде - Pogoda.uz