Кармана туманидаги оилавий корхона маҳсулотлари экспортга мўлжалланмоқда
Навоий вилоятида оилавий бизнесни ривожлантириш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Навоий вилоятида ҳам оилавий бизнесни ривожлантириш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 400 дан ортиқ оилавий корхона самарали фаолият кўрсатмоқда.
– Корхонамизда турли ёшдаги инсонлар учун либослар, махсус ишчи формалари тайёрланади, – дейди Кармана туманидаги “Янги авлод текстиль” оилавий корхонаси раҳбари А.Нусратуллаев. – Айни пайтда 6 ишчи меҳнат қилаётган жамоамизда асосан замонавий дизайндаги эркаклар ва аёллар кийими тикилмоқда. Банкдан олинган 48 миллион сўмлик кредит маблағи фаолиятимиз ривожида муҳим омил бўлди.
Ёш тадбиркор мамлакатимизда яратилаётган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва тайёр маҳсулотни экспортга йўналтиришни режалаштирмоқда. Бу касб-ҳунар коллежини битирган яна бир неча ёшни доимий иш билан таъминлаш имконини беради.