Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 17:16 Чоп этиш версияси

Кўп тармоқлилик – кенг даромад манбаи

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида қатор имтиёзлар жорий этилмоқда. Навоий вилоятида ҳам хусусий сектор ривожига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Вилоятда ўтган йили 866 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, унинг саноатдаги улуши 20,5 фоиз, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 37,6 фоиз ўсди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қарийб 612 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада 2016 йилда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони 7 минг 222 тага етди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонуний муҳофаза этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Зарафшон шаҳридаги “Нурли диёр парранда” масъулияти чекланган жамиятида паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик билан бирга, иссиқхона ҳам ташкил этилган. Тадбиркор Ёқубжон Жўрақулов раҳбарлик қилаётган жамиятда 40 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.

Айни пайтда корхонада аҳолига парҳезбоп гўшт маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида 12 минг бош парранда парваришланмоқда. 40 сотих майдонда Жанубий Корея технологияси асосида замонавий иссиқхона ташкил этилган бўлиб, аҳоли дастурхони арзон нархларда помидор ва бодринг билан таъминланмоқда.

– Корхонамизда жорий йилда 2 қуёнхона комплекси барпо этдик, – дейди корхона иш юритувчиси Ўткир Алматов. – Бу ерда 200 бош великан зотли қуён боқилмоқда. Бунда тижорат банкидан олинган 45 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи қўл келди. Қуёнлар сонини 1000 бошга етказиш режалаштирилган.

Корхона тасарруфидаги 40 сотих майдонда тез ҳосилга кирувчи 300 туп ярим пакана ёнғоқ кўчати ўтқазилди. Бу ердан унумли фойдаланиш ва қўшимча даромад олиш имконини беради.

Корхонада чорвачиликни ривожлантириш, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “Ипотекабанк” Зарафшон филиалининг 455 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобидан хориждан 105 бош наслли қорамол харид қилди.

Айни пайтда тадбиркор корхонада қайта ишлаш цехини ишга туширишни режалаштирмоқда. Хусусан, 2018 йилдан сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш линияси ўрнатилади. Шунингдек, кунига 50 мингта тухум етиштиришга мўлжалланган товуқхона қуриш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида 100 янги иш ўрни яратилади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 064






Все о погоде - Pogoda.uz