Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 10:29 Чоп этиш версияси

Қизириқлик якка тартибдаги тадбиркор савдо қоидаларини қўпол равишда бузган

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси расмий сайтида хабар берилишича, 2017 йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига фуқаролардан турли мазмундаги қарийб 300 га яқин мурожаат келиб тушган. Хусусан, мазкур мурожаатлардан бирида Қизириқ туманида фаолият юритиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Қувондиқ Абдураҳимовга қарашли савдо шохобчаларида савдо қоидалари қўпол равишда бузилаётгани баён этилган.

Ушбу мурожаат дастлаб соҳа ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, қисқа муддатли солиқ текшируви ўтказилди. Назорат тадбири давомида шохобча сотувчиси Қувондиқ Абдураҳимов харидорга амалга оширган 20 минг сўмлик хариди учун назорат касса машинаси чеки бермаганлиги ҳамда савдо шохобчасининг ғазнасидаги 4 млн 550 минг сўм нақд савдо пули назорат касса машинаси хотирасидан ўтказилмаганлиги аниқланди.

Шунингдек, шохобчада 12 турдаги жами 32 млн 342 минг сўмлик кирим ҳужжатлари ва сифат сертификатлари бўлмаган қурилиш ва хўжалик моллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 майдаги 299-сонли қарорига зид равишда 3 турдаги 100-500 ВТгача бўлган 792 минг сўмлик чўғланма лампалар сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу товар моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.

Фуқаролар мурожаати асосида Шеробод туманидаги «Сурхон Агро Кимё таъминот» МЧЖга қарашли минерал ўғитлар сотиш савдо шохобчасида ўтказилган қисқа муддатли текшириш давомида харидорга 7 минг сўмлик харид учун банк пластик карточкаси орқали савдо қилиш рад этилгани ва 35 минг сўмлик нақд савдо пули назорат касса машинасидан ўтказилмагани аниқланди. Бундан ташқари, кирим ҳужжатлари бўлмаган 1 турдаги 5 миллион 940 минг сўмлик 5280 кг карбамид минерал ўғити далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилди.

3 552






Все о погоде - Pogoda.uz