ЎзА Ўзбек

12.06.2019 17:18 Чоп этиш версияси

Италиялик инвестор Сирдарёда қўшма корхона қурмоқчи

Италиялик инвестор Сирдарёда қўшма корхона қурмоқчи

Гулистон шаҳрига ташриф буюрган италиялик инвесторлар Сирдарё вилоятининг ривожланиши, иқтисодий ҳамкорлик учун имкониятлари ва маҳаллий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш самаралари билан танишди.

Хорижлик инвесторлар учун вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда Италиянинг “Classimo”, “Artes Poletecnica srl”, “Crisafulli Vivai srl”, “Omnia Onlus”, “Inovando srl”, “Edveis Kansalting”, “Zanzi” компаниялари раҳбар ва вакиллари, Италия Тадбиркорлар ва фермерлар миллий ассоциацияси (UNSIC) вице-президенти С.Мамоне, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси О.Акбаров, Сирдарё вилояти биринчи ўринбосари А.Каримов, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

photo5190687806983350815.jpg

Тадбирда жорий йил 30 май куни Рим шаҳрида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Италия Тадбиркорлар ва фермерлар миллий ассоциацияси ўртасида имзоланган “Ҳамкорлик меморандуми” доирасида икки давлат ўртасидаги алоқаларни амалий жиҳатдан фаоллаштириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Вилоят бугунги кунда ҳар қандай хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш учун қулай имкониятга эга. Жумладан, электроэнергия, пахта толаси, тўқимачилик буюмлари ишлаб чиқиш, буғдой ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, мева ва сабзавотлар етиштириш борасида катта тажрибага эга. Енгил саноатни ривожлантириш ва қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш учун етарли хомашё базаси мавжуд.

photo5190792002889951872.jpg

Вилоятда ҳар йили 191 минг тонна пахта, 200 тонна ипак толаси, 70 минг тонна гўшт, 3 минг тонна балиқ, 3 миллион тонна парранда гўшти, 350 минг тонна сут, 514 минг тонна қовун, 500 минг тонна сабзавотлар, 50 минг тонна мева, 53 минг тонна дуккакли дон маҳсулотлари ва 17 минг тонна узум етиштирилади ҳамда ишлаб чиқарилади. Салкам 60 турдаги маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. 33 дан ортиқ экспортёр корхоналар фаолияти натижасида экспорт ҳажми ортаётир.

Корхоналар томонидан – пахта, ип-калава, трикотаж маҳсулотлари, тайёр кийим, пайпоқ, ярим фабрикатлар, чарм маҳсулотлари, фармацевтика препаратлари ва тиббиёт ускуналари, полипропилен қоплар, керамик плиталар, сантехника, қум ва гравий, чорва учун комбикормлар, мева ва сабзавотлар ишлаб чиқарилмоқда ҳамда етиштирилмоқда.

Вилоятнинг экспорт харитаси дунёнинг 38 мамлакатини қамраб олган. Экспортнинг асосий қисми Хитой, Қозоғистон, Эрон ва Россия давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларининг савдо уйлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Келгусида Афғонистон, Тожикистон ва Ҳиндистонда савдо уйларини ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайтда вилоятда хорижий капиталга эга бўлган 117 та корхона фаолият юритмоқда. 

photo5190792002889951876.jpg

Тадбирда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган машҳур “Classimo” компанияси раҳбари, жаноб С.Мессина “Сирдарё мебел фабрикаси” билан бошлаган музокаралар юқори даражада ўтганини таъкидлади. Италия бренди остида компания мебелларини айнан Гулистон шаҳридаги “Сирдарё мебел фабрикаси”да ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.

– Мен бу ерда ўзимни худди жонажон шаҳрим – Сицсилиядагидек ҳис қиляпман ва бундан жуда хурсандман, – дейди “Classimo” компанияси раҳбари, жаноб Салваторий Мессина. – Ўзбеклар италияликларга нафақат ташқи кўриниши, ранги, балки, кўнгли очиқлиги, инсонларга меҳрибонлиги, меҳмондўстлиги билан ҳам ўхшаш экан. Машҳур Италия мебелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Classimo” компанияси менга бобомдан мерос қолган. Италия бренди остида компаниямиз мебелларини бу ерда ишлаб чиқарилиши биз учун жуда фойдали. Чунки Ўзбекистон Осиёнинг қоқ марказида жойлашган. Бу ердан атрофдаги давлатларга маҳсулотни экспорт қилиш жуда ҳам қулай. Қолаверса, бу мамлакатнинг халқи, айниқса, ёшлари интилувчан ва меҳнаткаш. Ўзбекистон ҳукумати ҳам, халқи ҳам иқтисодий юксалиш сари дадил ҳаракат қилаётир. Қолаверса, бу юрт обод ва озод мамлакат. Энг муҳими, мамлакатда тинчликни катта ҳам, кичик ҳам бирдек қадрлар экан. Шу сабабдан ҳам қўшма корхонани шу ерда қуришга қарор қилдим ва бундан жуда хурсандман.

Италиялик инвесторлар ушбу ташрифлари давомида бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. 

Савдо-саноат палатаси вилоят филиали, Гулистон туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги, саноат, маиший, маданий, тиббий ва табиий маҳсулотлар ярмаркаси хорижликларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, хорижлик меҳмонлар “Бек кластер”, “Сирдарё мебель фабрикаси” корхоналари фаолияти билан танишди. Сардоба сув омбори, Сирдарё туманидаги “Чеҳра” дам олиш мажмуасида бўлди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА
2 268