Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 20:09 Чоп этиш версияси

Истиқболли лойиҳалар самараси

Истиқболли лойиҳалар самараси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятидаги “Шўртаннефтгаз” ва “Муборакнефтгаз” масъулияти чекланган жамиятларига медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-тур иштирокчилари мазкур саноат корхоналарида Жаҳон банки Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Ўзбекистон тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида энергияни тежаш йўли билан ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ички ва ташқи бозорда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини юксалтириш борасида амалга оширилган лойиҳалар билан танишди.

“Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамияти “Ўзнефтгазқазибчиқариш” акциядорлик компаниясининг бўлинмаси ҳисобланади. Корхона 1985 йилда ишга туширилган ва Шўртан конлар гуруҳи газига ишлов беришга мўлжалланган. Кам олтингугуртли газни қайта ишлаш бўйича умумий йиллик қуввати 20 миллиард куб метрни ташкил қилади. Суюлтирилган газ олиш имконини берадиган конденсатни барқарорлаштириш қурилмаси 1986 йилда ишга туширилган. Ушбу қурилма йилига 185 минг тонна конденсат ва 5 минг 600 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 12 июндаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Шўртаннефтгаз” МЧЖда “Янги Қоратепа, Ширкент, Тўртсари ва “Шўртан” СКСдаги паст босимли машъала газларидан фойдаланиб электр энергия ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилди.

Хусусан, “Шўртан” сиқув компрессор станцияси 2003 йилда Исроилнинг “Ваteman” компанияси лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган.

– Мазкур компрессор станциясида узатилаётган табиий газ ҳароратини совутиш технологик жараёнида ҳаво ёрдамида совутиш қурилмалари, яъни АВО аппаратлари ўрнатилган, – дейди “Шўртаннефтгаз” МЧЖ электр таъминот тармоғи бошлиғи Ҳамид Абдураззоқов. – Мазкур аппаратларнинг электродвигателлари доимий ишлаб туради. Соатига 1 минг 950 кВт электр энергия сарфлайди. Ушбу сарфланадиган электр энергияси сарфини камайтириш мақсадида жорий йилда “Янги Қоратепа, Ширкент, Тўртсари ва “Шўртан” СКСдаги паст босимли машъала газларидан фойдаланиб электр энергия ишлаб чиқариш” лойиҳаси асосида станциямизга соатига 2 минг кВт электр энергия ишлаб чиқарадиган С-1000 газ турбиналари ўрнатилди. Бу электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланадиган харажатларни анча камайтирди.

"Шўртаннефтгаз” МЧЖ томонидан Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида корхонанинг энергия самарадорлигини юксалтириш мақсадида бир нечта лойиҳа амалга оширилмоқда.

2015 йилда корхонанинг бош иншоотидаги 1-, 2-қозонхона ва сув таъминоти ҳамда канализация цехларида ишлатилаётган электродвигателлар фойдали иш коэффициентини ошириш орқали электр энергиясини тежаш мақсадида частота ўзгартиргичлар ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилди. Натижада ушбу цехларда 2016 йилдан ҳозирга қадар 3,750 миллион кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини тежашга эришилди.

Медиа-тур иштирокчилари “Муборакнефтгаз” масъулияти чекланган жамияти корхонасида ишлаб чиқариш жараёнида энергияни тежашга қаратилган янги технологик лойиҳалар билан танишди.

“Муборакнефтгаз” МЧЖ ҳам “Ўзнефтгазқазибчиқариш” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи нефть ва газ қазиб олувчи йирик жамиятлардан бири бўлиб, нефть, газ ва газ конденсати қазиб чиқаради. Корхонага қарашли мажмуа ва конларда 11 газ тайёрлаш қурилмаси, 8 сиқув компрессор станцияси, 7 нефть тайёрлаш қурилмаси, битта конденсатни барқарорлаштириш қурилмаси, битта газ ҳайдовчи компрессор станцияси узлуксиз ишламокда.

– Корхонамизда энергия самарадор лойиҳалардан бири “Сардоб” конида амалга оширилди, – дейди “Муборакнефтгаз” МЧЖ бош энергетиги ўринбосари Бобур Рўзиев. – У ерга йўлдош газлардан фойдаланиб, 2 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун қиймати 5,5 миллион долларлик янги турдаги микротурбинали генератор ўрнатилди. Қурилма ўтган йил охирида ишга туширилди. Мазкур лойиҳа асосида жамият объектлари қисман электр энергия билан таъминланди, экологик ҳолат яхшиланди, электр таъминотидаги аварияли ўчиш ҳолатларининг олди олинди, корхонанинг молиявий ресурслари тежалди. Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан корхонада электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган газнинг ўртача йиллик ҳажми 5,6 миллион метр кубни ташкил этмоқда. Қурилманинг йиллик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 17 минг 500 МВт. Йиллик иқтисод қилинган маблағ эса 821 минг 300 долларни ташкил этади.

Медиа-тур иштирокчилари корхоналарда энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш тизими ва унинг самараси, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
3 127






Все о погоде - Pogoda.uz