Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 19:58 Чоп этиш версияси

Қишлоқда янги корхона

Қишлоқда янги корхона Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида фаолият кўрсатаётган “Дилрабо СДА текстиль” кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмаси Бекобод қишлоғида янги корхонани ишга туширди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган корхонанинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, саноат, хусусан, экспорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Дилрабо СДА текстиль” корхонаси раҳбари М.Содиқова 100 миллион сўмлик банк кредитидан фойдаланган ҳолда, 2004 йилда вилоятда биринчилардан бўлиб Япониядан 100 га яқин замонавий тикув дастгоҳи келтириб иш бошлаган. Ўтган давр мобайнида корхонага 80 минг доллар миқдорида сармоя йўналтирилиб, ишлаб чиқариш хориж технологиялари асосида модернизация қилинди. Дастлаб 30 ишчи билан фаолият бошлаган корхонада бугун 350 дан зиёд доимий иш ўрни мавжуд. 2009 йилда Москва шаҳрида корхонанинг “Дилрабо-М” махсус савдо уйи очилиши унинг экспорт салоҳиятини янада оширди. 2016 йилда қарийб 300 минг долларлик маҳсулот Россия бозорларига чиқарилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 272 минг доллардан ошди.

Корхонанинг иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга мустаҳкамланиб, янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконияти кенгаймоқда. Тўрақўрғон туманининг Бекобод қишлоғида барпо этилган янги корхона ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Тадбиркор қишлоқда фойдаланилмай турган эски бинони ноль қийматда ўз тасарруфига олиб, 1 миллиард 200 миллион сўм сармоя киритди. Бино реконструкция қилиниб, замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди.

Ойига 45 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 200 киши иш билан таъминланди. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.

– Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан қўшимча янги ускуналар келтиришни режалаштирганмиз, – дейди М.Содиқова. – Бу яна 150 иш ўрни яратиш имконини беради. Корхонамиз маҳсулотлари 100 фоиз экспорт қилинади. Жорий йил якунига қадар 500 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.

Иштирокчилар янги корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчиларга яратилган меҳнат ва бошқа ижтимоий шароитлар билан танишди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
3 176






Все о погоде - Pogoda.uz