Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 12:35 Чоп этиш версияси

Ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ҳамкорлиги

Ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ҳамкорлиги Термизда ҳудудий саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда 220 йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхонаси 400 га яқин турдаги маҳсулотларини намойиш этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хусусий секторни янада ривожлантириш, маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ушбу анъанавий халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ҳам хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг буюртмалар портфелини шакллантириш, маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ўзаро манфаатли шартномалар тузишига қулай имконият яратмоқда. Товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида ички ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантириш орқали уларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ўтган йили Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 641 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 1 минг 825 лойиҳа амалга оширилди, 17 минг 183 янги иш ўрни яратилди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши 75,3 фоизни ташкил этди.

Термиз шаҳридаги “Лола Имкон Барака” хусусий корхонасида трикотаж маҳсулотлари, Бойсун туманидаги “Саноатагроинвестсавдо” масъулияти чекланган жамиятида гипсокартон, Жарқўрғон туманидаги “Жарқўрғон баракали ёғ” масъулияти чекланган жамиятида ўсимлик ёғи, хўжалик совуни, Термиз туманидаги “Голд Драйд Фрутис” масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавотни қайта ишлаш, Шўрчи туманидаги “Сирожиддин Махсум” хусусий корхонасида аёллар учун замонавий либослар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

4 (1).jpg

Кўргазмада Термиз шаҳридаги “Inter Silk Pro” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ипак толасидан тўқилаётган ип-калава, “Санжар Сурхон” масъулияти чекланган жамиятининг кўрпа-ёстиқ, чойшаб, иш кийими ва бошқа тикувчилик маҳсулотлари, “Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамиятининг чинни буюмлари, "Саиджон Муҳаммаджон музқаймоқлари" масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган 34 турдаги музқаймоқ, Бойсун туманидаги “GRAND WORK” оилавий корхонасининг замонавий мебеллари, шунингдек, турли тайёр қурилишбоп материаллар, чарм-пойабзал буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари буюртмачиларда айниқса, катта қизиқиш уйғотди.

– Замонавий жиҳозланган корхонамизда 40 хотин-қиз меҳнат қилмоқда, – дейди Бойсун туманидаги “Умид” хусусий корхонаси раҳбари Неъмат Абдуллаев. – Ярмаркада импорт ўрнини босувчи 15 турдаги тўқимачилик ва 20 дан ортиқ турдаги тикувчилик маҳсулотлари билан қатнашдик. Янги ҳамкорлар билан бир қатор ўзаро манфаатли шартномалар туздик. Бу тадбир биз, тадбиркорларга мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш учун қулай имконият яратмоқда.

Ярмарка доирасида вилоятдаги ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш бўйича 41 миллиард сўмликдан ортиқ шартномалар имзолади.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
2 818






Все о погоде - Pogoda.uz