Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 16:20 Чоп этиш версияси

“Ишбилармон аёл – 2017” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда ташаббускор хотин-қизлар турли номинациялар бўйича ўз иқтидорини намойиш этди.

Яккабоғ туманидаги “Ситора имкон плюс” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Наргиза Саломова мутлақ ғолиб, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Юртимизда тадбиркор хотин-қизларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар шу соҳада фаолият юритиб келаётган аёл сифатида мени жуда қувонтиради, – дейди Н.Саломова. – “Ситора имкон плюс” нодавлат таълим муассасаси фаолияти асосан кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, тўқувчилик, пазандачилик, қандолатчилик каби 12 йўналишдаги тўгаракларимизда 6 нафар малакали ходим ёшларга ҳунар сирларини ўргатмоқда. "Гўзаллик салони"миз хизматидан мижозлар мамнун. Келажакда тикувчилик цехи ташкил этиш ва яна қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз.

Танловда Миришкор туманидаги “Жейнов чорвадори” масъулияти чекланган жамияти раиси Ирода Саидова биринчи, Қамаши туманидаги “Фаёза Дилмуродовна” хусусий корхонаси раҳбари Гулшан Ғозиева иккинчи, Китоб туманидан якка тартибдаги тадбиркор Зиёда Абдурасулова учинчи ўринни қўлга киритди.

“Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл”, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Тадбир доирасида танлов иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
2 505






Все о погоде - Pogoda.uz