ЎзА Ўзбек

11.06.2019 19:15 Чоп этиш версияси

Иш ҳаққингизни конверт усулида берилишига йўл қўйманг!

Иш ҳаққингизни конверт усулида берилишига йўл қўйманг!

Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият кўрсатувчи кичик бизнес вакиллари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга кўмаклашиш, улар ўртасида профилактик, тушунтириш-тарғибот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бироқ жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 4 минг 503 та хусусий тадбиркорлик тармоқларида ишчиларга конверт усулида меҳнатга ҳақ тўлаш, яъни иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномаси имзоланмасдан оғзаки келишув – конверт асосида иш бериш ҳолатлари қайд этилиб, оқибатда 19 минг 829 та иш ўринлари қонуний легаллаштириштирилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қонуний асосда ишлаши белгиланган фуқароларга бир ой давомида тўланиши керак бўлган 15 миллиард 670 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланишига эришилиб, ҳар ой давлат бюджетига йўналтириладиган солиқ тушумлари 1 миллиард 880 миллион сўмга кўпайди.

– Яширин иш ўринларининг расмийлаштирилиши натижасида 19 829 та фуқарога меҳнат дафтарчаси очилиб, иш стажи ҳисобланишига эришилди, – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси камерал бўлими инспектори Муҳаммад Абдуллаев. – Бу эса фуқароларни солиқ тўловчи сифатида расмий рўйхатдан ўтиши ва келажакда нафақага чиқишига замин яратади.

Навоий вилояти Давлат 
солиқ бошқармаси
матбуот хизмати

ЎзА
4 966