Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 17:23 Чоп этиш версияси

Инвестициявий муҳитни такомиллаштириш: эришилган натижалар ва устувор йўналишлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва сармоявий фаолиятни кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш жараёнида инвестициявий муҳитни яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий сармояларни фаол жалб этиш устувор аҳамият касб этмоқда.

Истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш каби долзарб вазифалар, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ изчиллик билан олиб борилаётир.

Тошкент шаҳрида 8 ноябрь куни “Инвестициявий муҳитни такомиллаштириш: эришилган натижалар ва устувор йўналишлар” мавзуида ўтказилган халқаро давра суҳбатида ушбу йўналишдаги ишлар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни яхшилаш” лойиҳаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар, таҳлилий марказлар, ишбилармон доира вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Х.Фрейзер ва бошқалар Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг фаол ва эркин иш юритиши учун кенг қулайликлар яратилганини, бундай имтиёз ва имкониятлар хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган, инвестиция салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инвестиция муҳитини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётгани қайд этилди. Бундай саъй-ҳаракатлар иқтисодиёт соҳасининг барча йўналишларини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Қулай инвестициявий муҳит энг илғор халқаро тажрибалар асосида хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базасини изчиллик билан ислоҳ қилиб боришни тақозо этади. Соҳа мутахассисларининг сўзларига кўра, етакчи чет эл компаниялари ва банк тузилмалари билан сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга оид долзарб масалалар ҳам бевосита пухта ишлаб чиқилган қонунчилик базасига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев мамлакатимиз сармоявий салоҳиятини янада ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилаётганини қайд этди. Хусусан, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Олий Мажлис Сенати ва БМТ Тараққиёт дастурининг етакчи экспертлари кўмагида Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур кодекс концепцияси тадбир иштирокчилари томонидан кенг муҳокама қилинди.

– Инвестиция кодексининг истиқболда қабул қилиниши мамлакатимизда сармоявий муҳитни янада такомиллаштиришни кўзда тутади, – деди Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари илмий-тадқиқот маркази директори Дурбек Аҳмедов. – Бу хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат инвестиция сиёсатининг қонуний асосини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Анжуманда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ernst & Young ва KPMG каби йирик консалтинг компаниялари вакиллари Ўзбекистонда валюта сиёсатини либераллаштириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни юқори баҳолади, иқтисодий ислоҳотларга оид ўз тавсияларини берди.

– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар акс этгани эътиборга молик, – дейди Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-президенти Филипп Беннетт. – Мазкур Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишлари банкимиз бизнес моделига мос келади. Унинг амалиётга изчил жорий этилишини қўллаб-қувватлаймиз. Бугунги давра суҳбати ҳамкорлигимиз доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Тадбирда чет эл инвестицияларини жалб этишга қаратилган давлат сиёсатини ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, бизнесни ташкиллаштириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг жорий ҳолатига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
3 901






Все о погоде - Pogoda.uz