Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 18:49 Чоп этиш версияси

Инвестиция: амалиёт ва самара

Фарғона вилоятида қурилиши тугалланмаган ва бўш турган иншоотлардан самарали фойдаланиш, инвестиция киритиш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Вилоятда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш, аниқлаш бўйича Идоралараро комиссия тузилди ҳамда аввал хусусийлаштирилган 5 минг 49 объект қайта хатловдан ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Иномжон Шокиров. – Хатлов натижасида уларнинг 341 таси фаолиятсиз ёки паст қувватда ишлаётгани аниқланди. Ушбу объектларда фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида мулкдорлар ва тижорат банклари билан бирга 327 лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун 155,8 миллиард сўм маблағ сарфланиши ва 5 минг 918 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳаларнинг 290 таси 2017 йилда, 37 таси эса 2018 йилда ишга туширилади.

Қува туманидаги эски консерва заводининг бўш турган биносида "Қува Агро инвест" масъулияти чекланган жамияти томонидан мевани қайта ишлаб, табиий шарбат ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган 4,2 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа ишга туширилгач, 70 янги иш ўрни яратилади. Айни кунларда жамият томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, объект дастгоҳлар ўрнатилишига тайёр ҳолга келтирилган.

Бувайда туманидаги эски ип йигирув корхонаси негизида “Проф текс люкс” масъулияти чекланган жамияти томонидан тўқимачилик корхонаси ташкил этилади. Бунинг учун 14 миллиард сўм инвестиция йўналтирилмоқда. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши 200 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.

Шу кунгача дастурга киритилган 28 инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. 286 лойиҳада қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди, 8 тасида дастгоҳлар ўрнатилмоқда, қолган объектлар бўйича фаолиятни йўлга қўйиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ҳам вилоятда муайян ишлар амалга оширилаётир.

Ўтказилган хатловларда вилоят бўйича 60 бўш турган давлат мулки объекти аниқланди. Ушбу объектларнинг 49 таси савдолар орқали сотилади, 11 яроқсиз объект бузилиб, ер майдонлари янги тадбиркорларга ажратиб берилади. Бу, ўз навбатида, ишбилармонларнинг бинога бўлган талабини тўлароқ қондириш имконини беради.

Буларнинг барчаси хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 749






Все о погоде - Pogoda.uz