Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2018 09:04 Чоп этиш версияси

Инновацион ишлаб чиқариш – давр талаби

Инновацион ишлаб чиқариш – давр талаби Инновацион технологияларга асосланган, энергия тежамкор, чиқиндисиз, экологик хавфсиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот етказиб беришнинг асоси саналади.

“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Green line profile” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси ана шундай субъектлардан биридир. Алюмин профиллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 37,4 миллион долларлик мазкур лойиҳа 2 йил аввал бошланган эди. Ўтган даврда корхона учун зарур бинолар қурилди, Италия, Германия, Россия ва Швейцария давлатларидан зарур ускуналар келтириб ўрнатилди. 

11.JPG

Жорий йилнинг январь ойидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйган йирик субъект бугунгача Канада, Германия каби давлатларга маҳсулот экспортини ҳам амалга оширди. Ҳозирда 200 нафар мутахассис иш олиб бораётган корхона 2021 йилга қадар тўлиқ қувватда ишга тушса, қўшимча 800 иш ўрни яратилади. Қурилиш, авиасозлик, кемасозлик, машинасозлик каби соҳаларга тайёр маҳсулот етказиб берадиган субъект йилига 35 минг тонна алюминни қайта ишлаш қувватига эга. 

12.JPG

Барча жараёнлар замонавий технологиялар ёрдамида бошқарилаётгани иш унумдорлигини таъминламоқда. Россиядан келтирилаётган хомашё – ғўла шаклидаги алюмин балкалар эритиш ускунасида бўлакланиб, сўнгра қолипга узатилади. Навбатдаги босқичда керакли шакл асосида ундан ярим тайёр маҳсулот олинади. Кейинги цехда бўяш жараёнидан ўтган хомашё тайёр маҳсулот кўринишини олиб, қадоқлашга юбрилади. Хомашёнинг тўлиқ қайта ишланиб, чиқитга чиқмаслиги корхонанинг яна бир ютуғидир. 

17.JPG

Ишлаб чиқариш жараёнига Ҳиндистон ҳамда Буюк Британия мутахассислари ҳам жалб қилинган. Маҳаллий технологлар замонавий ускуналарни бемалол бошқараётгани эса ёшларимизнинг хориж тажрибасини тўла ўзлаштирганлигини кўрсатиб турибди.

– Туманимизда шундай замонавий корхона фаолият бошлаганини эшитиб, ҳужжатларимни топширдим, – дейди карманалик Алишер Худоёров. – Ҳозирда ўзимга бириктирилган омборхонада мудир сифатида ишлаяпман. Коллежни тамомлаб, анча йил ишсиз юргандим. Бу имконият менга асқотди. Эндиликда бор билимимни сарфлаб, ўзим ишлаётган корхона ривожига ҳисса қўшаман. 

19.JPG

Бугунги кунда “Benkam” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб катта. Сабаби корхонада маҳсулот сифатига катта эътибор қаратилади. Тўлиқ қувватда иш бошлаши билан алюмин профиллар ишлаб чиқаришда Марказий Осиёда етакчи субъектга айланиши кутилаётган корхона фаолияти нафақат вилоят, балки юртимиз иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
7 601