ЎзА Ўзбек

22.02.2018 11:16 Чоп этиш версияси

ИНДУСТРИЯ 4.0. Тўртинчи саноат инқилобига тайёрмизми?

ИНДУСТРИЯ 4.0. Тўртинчи саноат инқилобига тайёрмизми?
Тасаввур қилинг: Тошкент, 2030 йил, қишнинг эрта тонги. “Ақлли” соатингиз сизни уйғотади. Ўрнингиздан туришингиз билан уй ўз-ўзидан жонланади. Ваннада чироқ ёқилади, душ эса сувни иситишни бошлайди. Нонуштадан сўнг кийиниб чиқаётганингизда, гараждаги автомобилнинг ўт олганини эшитасиз ва у сизни ишхонангизга (дейлик, заводга) элтишга шай турибди, яна сизга иш жойингиздаги ускуналардан бири носоз ишлаётганлиги тўғрисида хабар келган. Сиз ишга камдан-кам борасиз, чунки завод сунъий интеллект томонидан бошқариладиган роботлар ва ускуналар ёрдамида мустақил равишда ишлайди. Машинангиз ўз бошқарувида сизни гараждан олиб чиқаётганида: “Эҳ, шу ускуналар бузилмасдан ишласа нима қилар экан-а?”, деб ғудраниб қўясиз...

Тасаввур этилиши мумкин бўлган бу ҳолат, тўртинчи саноат инқилобидан кейин кутилаётган ҳаёт тарзи бўлиб, унда сиз кун давомида фойдаланадиган барча жиҳоз ва ускуналар буюртма асосида ясалиб, улар сизнинг юмушларингизни бажариш учун бир-бири билан ўзаро мулоқотда бўладилар.

Аввалги саноат инқилоблари

Маълумки, тарихда 3 та саноат инқилоби юз берган бўлиб, улар қуйидагилар билан боғлиқ бўлган:

1. Буғ двигателининг ихтиро қилиниши, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш (XVIII аср охири);

2. Электрлаштириш, конвейер, меҳнат тақсимоти, оммавий ишлаб чиқариш (XIX-аср охири – XX аср боши);

3. Электроника, ахборот технологиялари индустрияси, автоматлаштирилган ишлаб чиқариш (XX аср охири).

photo5222070716403394661 (1).jpg

“Индустрия 4.0”

Энди эса, тўртинчи саноат инқилоби деб номланаётган тараққиёт омили – ахборот технологияларини саноатга чуқур интеграциялаштириш (“киберфизик тизимлар” ёки CPS) орқали амалга оширилмоқда.

“Индустрия 4.0” атамаси 2011 йилда Европада пайдо бўлиб, Гонновер шаҳридаги саноат кўргазмаларидан бирида Германия ҳукумати томонидан ахборот технологияларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этилиши эълон қилинганди.

Бунинг учун расмий шахслар ва мутахассислар иштирокида тузилган махсус гуруҳ томонидан Германиядаги саноат корхоналарини “ақлли” корхоналарга айлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Бундан ўрнак олиб, бошқа давлатлар ҳам янги технологияларни татбиқ этишга киришдилар ва ҳозирда “Индустрия 4.0” ғояси бутун дунёни забт этишни бошлади.

Келинг, “Индустрия 4.0” атамаси нимани англатишини тушуниб олайлик. Воқеликнинг негизини англатувчи “Ашёларнинг интернети” (Internet of things) ёки “Барча нарсанинг интернети” (Internet of everythings) номли янада умумий атама мавжуд бўлиб, унга кўра, мавжуд интернет тармоғига оддий нарсаларнинг ҳам уланишини тушунамиз. Бу ҳамма нарсага тааллуқли бўлади – маиший техника, жиҳозлар, автомобиллар, бинолар ва албатта, саноат ва қишлоқ хўжалигини қамраб олади.

Шундай қилиб, “Индустрия 4.0” бу – “Ашёларнинг интернети” омилларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишдир. Бунинг саноатдаги мисолини кўриш учун шундай ускунани тасаввур қилингки, у иш жараёни учун керак бўлган дастурларни тармоқдан ўзи олади, ўзининг эскиришини таҳлил қилади, эҳтиёт қисмларни омбордан тезкор буюртма қилади ва ўз ишини яхшилаш учун мустақил ўрганиши ҳам мумкин. Қишлоқ хўжалигида эса, тупроқдаги узаткичлар (датчиклар) ерни суғоришни об-ҳаво маълумотига кўра автоматик равишда назорат қилади. Бундай мисоллар кўплаб топилади.

“Индустрия 4.0”нинг асосий хусусияти – ишлаб чиқариш жараёнининг барча таркибий қисмларининг (корхона ускуналари ва унинг ахборот тизимлари – омбор ва логистика ҳисоби, бухгалтерия, бошқарув ва бошқ.) ишида инсоннинг аралашувини борган сари камайтирган ҳолда, муайян мақсадни амалга ошириш учун бошқа тизим ва одамлар билан ўзаро фаолият юритишдан иборатдир.

photo5222070716403394662.jpg

Интернет ва симсиз алоқа технологияларининг ривожланиши натижасида “истаган вақтдаги коммуникация”га эга бўлдик, смартфонлар ва планшетлар эса “истаган жойдаги коммуникация” тамойилини амалга оширишга имкон берди. Ҳозир эса, машиналар бошқа машиналарни яратишни бошлайдиган, ҳаётимизни тубдан ўзгартирувчи янги инқилоб остонасидамиз.

Ишлаб чиқариш соҳасини батамом ўзгартирилишини инқилоб деб аталишининг сабаби – ўзгаришлар юзаки эмас, балки радикал равишда амалга ошиб, индустрия бошидан охиригача қайта қурилади. Бизнес моделлар ўзгаради, янги компаниялар пайдо бўлади, янги “инқилобчилар” сафига киришга улгурмаган, кўп йиллик тарихга эга жаҳонга машҳур брендлар касодга учраб, йўқ бўлиб кетади.

Ҳозирда мижозларнинг хатти-ҳаракати ўзгармоқда, улар индивидуал ёндошувни ва ноёб товарларни хоҳламоқдалар, оммабоп молларга эса эҳтиёж камаймоқда. Бир хил нарсаларни ишлаб чиқаришга ўрганган корхоналар ўз ишини қайта ташкил қилишга мажбур бўлмоқда.

“Индустрия 4.0” тамойилларини татбиқ этилиши, анъанавий саноат моделларида бўлмаган бир қанча афзалликларга эга бўлишга ёрдам беради. Масалан, компаниялар мижозларнинг истакларига қараб, буюртмаларга индивидуал ёндошишлари мумкин.

Эски завод ва фабрикалар энди “ақлли” корхоналарга айланиб, хос буюртмаларга кўра донабай махсулотлар ишлаб чиқаришни бошламоқда. Бунда, бир дона маҳсулотни ишлаб чиқариш учун кетадиган харажатлар камайиб, компаниялар оммабоп стандартлаштирилган маҳсулот нархида хосланган ноёб маҳсулот ишлаб чиқариш имконига эга бўлмоқда.

Мисол учун, дунёнинг исталган нуқтасидан мобил жиҳозингизга Nike иловасини юклаб олиб ёки компания сайтига кириб, кроссовка моделини танлашингиз, ўзингиз ёқтирган футбол командаси рангига бўяшингиз, пулини тўлаб, бир неча кундан кейин уни қабул қилиб олишингиз мумкин. Етказиб бериш харажатини ҳисобга олмаганда, унинг қиймати ушбу компаниянинг оддий оммабоп кроссовкасидан қиммат бўлмайди.

Индивидуал буюртмага кўра двигателлар, серверлар ва бошқа истаган нарса ишлаб чиқарилиши мумкин. Германиянинг Аугсбург шаҳридаги Fujitsu Siemens заводида компьютер тизимлари ва серверлар муайян буюртмачи учун айнан донабай ишлаб чиқарилади.

Ниҳоят даражада автоматлаштирилган корхонада индивидуал буюртма асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотга кетадиган харажатларнинг миқдори ошиб кетмайди – агар олдин икки жуфт крассовка учун ускуналар қўлда қайта созланган бўлса, ҳозирда буни комьютер тизимининг ўзи бир неча дақиқада амалга оширади.

Электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla компаниясининг заводларини роботлаштирилиши – компания ўз ишлаб чиқаришини Хитойда эмас, балки Калифорнияда ташкил этишга имкон берди. Бу, хитой ишчиларининг меҳнатидан фойдаланиб, кейин эса тайёр машиналарни олиб келишга кетадиган йўл харажатларидан арзонга тушди.

Тўртинчи саноат инқилоби нафақат алоҳида компанияларнинг бизнесини ўзгартирмоқда, балки глобал миқёсдаги кучлар мутаносиблигига таъсир қилмоқда. Ташкил этилганига ҳали 10 йил ҳам бўлмаган Tesla компанияси, иккинчи саноат инқилобининг етакчиси бўлган Ford Motors компаниясидан капитализация миқдори бўйича ўзиб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.

Янги технологияларни жорий этилиши, бошқа машҳур компания – Adidas учун ҳам ўз ишлаб чиқаришини Германияга қайтаришга имкон берди. Очилаётган фабрикада барча жараёнларни роботлар бажаради.

Узоқ тарихга эга бўлган барча компаниялар ҳам бу кескин ўзгаришларда жон сақлай олмайди. 2000 йилдаги Fortune 500 рейтингига кирган компанияларнинг 52 фоизи ҳозирда мавжуд эмас. Янги технологияларни мувафаққиятли ўзлаштира олганлар икки бора ютадилар: истеъмолчилар томонидан машҳур брендларга нисбатан қизиқиш катта бўлади ва агар улар мижозларга индивидуал ёндошувда ишлашни бошлашса, мижозлари уларга кейинчалик ҳам содиқ қолишга тайёр бўладилар.

Масалан, Harley-Davidson компанияси иқтисодий инқироз сабабли ўз маҳсулотларига талабни кескин камайишини бошидан ўтказганига қарамасдан, “Индустрия 4.0” тамойилларига ўтгандан кейин унинг акцияларининг қиймати олти йил ичида етти баробар ошди. Энди эса, мижозлар машҳур Harley мотоциклини ўзига ёққан рангдаги, ўзи танлаган хусусиятга эга моделига буюртма бериши ва уни олти соатдан кейин бевосита заводдан олиши мумкин.

Одамлар аста-секин “ақлли” уйларда яшашга, смартфонда бармоқнинг бир нечта ҳаракати ёрдамида ҳар қандай муаммони ечишга ўрганишмоқда. Шубҳасиз, бундай тамойилларни улар ўз иш жойларига ҳам татбиқ этишни истайдилар.

Ҳозир шундай вақтки, “Индустрия 4.0” бозори янги туғилаётган ва энди ривожланаётган даврни ўз бошидан кечирмоқда. Шу боис, янги давр саноатининг тамойилларини амалда қўллашни бошлаган кўплаб компаниялар устунликка эга бўладилар. Бироқ, келажак компаниясига айланиш учун, бошқалардан илдамроқ ҳаракат қилишни ҳозирдан бошлаш лозим.

Ишчи ўринлари нима бўлади?

Ҳар бир саноат инқилоби даврида ишсизликнинг ўсишидан ҳавфсираш пайдо бўлади. Ва ҳар сафар, узоқ муддатли амалиётда бу ҳавф ўринсиз бўлиб чиқади. Чунки, бу жараёнда бандлик тизими, нуфузли ва талаб юқори бўлган касблар рўйхати ўзгаради. Такрорланувчи ва сердиққат ишларни машиналар одамларга қараганда анча унумлироқ бажариши мумкинлиги сабабли, бу юмушларнинг кўп қисми автоматлаштирилади. Одамлар эса қўл меҳнатининг ўрнига, юқори малака ва ижодий ёндошув талаб этиладиган ишлар билан шуғулланадилар.

Шундай бўлсада, иш ўринларимизни ўғирлайдиган машиналар даври учинчи саноат инқилобига ҳам хос эди. Ўшанда автоматлаштирилган ускуналар оммавий кенг тарқалганди. Тўртинчи саноат инқилоби эса мазкур машиналарни, инсон аралашувисиз бир-бири билан мулоқот қилдиришни режалаштирмоқда. Мисол учун Siemens заводида мингдан зиёд одам ишлайди ва уларнинг асосий иши – машиналар ва компьютерлар ишини мониторинг қилишдан иборат.

“Индустрия 4.0” етакчилари кимлар?

Юқорида айтилганидек, давлат миқиёсида биринчи бор “Индустрия 4.0” дастури Германия ҳукумати томонидан 2011 йилда қабул қилинган бўлиб, у мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегик дастури сифатида белгиланган.

Шуни айтиш лозимки, ҳозирда, ишлаб чиқаришни роботлаштириш бўйича Хитой етакчи ўринга чиқиб олди. Хитой раҳбари Си Цзинпин 2014 йилда Хитой фанлар академиясида сўзлаган нутқида, бўлғуси роботлар инқилоби аввал Хитойни кейин эса бутун дунёни тубдан ўзгартириши ҳақида гапириб, жумладан, қуйидагиларни айтганди:

“Хитой ҳукумати томонидан хитой компанияларининг зиммасига “Улкан маълумотлар” (Big Data), “булут”ли ҳисоблаш (cloud computing), “Ашёларнинг интернети” (Internet of Things) технологияларини татбиқ этишни тезлаштириш ва “ақлли фабрикалар”ни (intelligent manufacturing) ташкил этишга эътиборни жамлаш вазифаси топширилади”.

Охирги йилларда Хитой компаниялари бутун дунёда юқори технологиялар тадқиқотларига инвестициялар миқдорини кескин кўпайтириб, бунинг натижасида 2013 йилдан бошлаб Хитойнинг саноат роботлари бозори дунёдаги энг йирик бозорга айланди. 2020 йилга бориб Хитойда ҳар 10 000 саноат ишчи ўринларига ўртача 150 та робот тўғри келиши кутилмоқда. Бу эса, 2015 йилга қараганда 3 баробар кўп деганидир.

Энди, АҚШ ва Германия сингари ривожланган давлатлар бу борада Хитойдан ўзиб ўтиши осон бўлмайди. АҚШда 2014 йилда саноат интернети консорциуми (Industrial Internet) ташкил этилиб, уни General Electric, AT&T, IBM ва Intel каби саноат етакчилари бошқармоқдалар.

Германияда эса шундай заводлар борки, улар нафақат «ақлли» саноат компонентларини, балки шундай заводларнинг тайёр моделларини ҳам таклиф қилмоқдалар. Кайзерслаутендаги Германия сунъий интеллект илмий-тадқиқот марказини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, Германия саноати интернет инфратузилмасини ривожлантиришга 2020 йилга қадар йилига 40 млрд. Евро миқдорида инвестициялар киритади. Бу эса тўртинчи саноат инқилобига бутун Европа бўйича ҳар йили киритиладиган 140 млрд. Евро миқдоридаги инвестицияларининг салмоқли ҳиссасини ташкил этади.

Япония ҳам бу борада ортда қолмаяпти ва улар ўз индустриясини ривожлантириш учун Connected Factories (заводларни тармоққа улаш) концепциясини ишлаб чиқмоқдалар. Россияда эса, 2017 йилда «Технет» махсус йўл харитаси қабул қилиниб, унинг доирасида «Рақамли иқтисодиёт 2024» дастури тайёрланмоқда. Қўшни Қозоғистонда эса, ишлаб чиқаришни рақамли технологияларга ўтказилиши ва “Индустрия 4.0” дастури давлат стратегияси даражасига кўтарилди.

Шундай қилиб, 10-15 йилдан кейин дунё умуман бошқача бўлиши мумкин. Содир бўлаётган ўзгаришларни сезмаслик, уларни писанд қилмаслик – тараққиётдан четда қолиб кетиш билан баробардир. Бундай етакчиликка эришиш учун эса, бу ўзгаришларни ўзимиз шакллантиришимиз лозим!

Тўртинчи саноат инқилобининг дастлабки натижаси, бу – ғолиб давлатлар ва мағлуб давлатлар ўртасида даромадлар даражасидаги улкан тафовутнинг юзага келишидир.

Тўртинчи саноат инқилобида Ўзбекистоннинг ўрни

Мазкур инновацион мусобақада Ўзбекистон қандай ўринни эгалламоқда? Дунё саноати “Индустрия 4.0” остонасида турган бўлса-да, лекин унинг барча технологияларини фақатгина бундан олдинги “Индустрия 3.0” саноат инқилобининг ютуқларини ўзлаштира олганларгина татбиқ қила оладилар.

Ўзбекистон иқтисодиётига келсак, тан олиш керакки биз ҳозир “Индустрия 2.0” даражасидан “Индустрия 3.0” даражасига ўтиш босқичидамиз. Албатта, бу ҳолат Ўзбекистон саноатини тўлиқ модернизация қилиш йўлидаги жиддий тўсиқдир. Шубҳасиз, бу муаммони тан олиш ва англаш – олдинга ҳаракат қилиш учун қўйилган қадамдир.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бундан ташқари, Президентимиз томонидан Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган 20 та давлат сафига киритиш стратегик режаси белгилаб берилди. Бу улкан ва оламшумул мақсадга эришишда, Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатини тубдан ўзгартириб, “Индустрия 4.0” тамойилларини кенг татбиқ қилиниши лозим бўлади.

Албатта, янги терминларни муомалага киритиш ва янги ташаббусларни эълон қилиш билан олдимизда турган муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Аниқ мақсадларга эришиш учун қуйидаги амалий чораларни кўриш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланади:

1. “Индустрия 4.0” стратегияси лойиҳасининг тегишли қисмларини тайёрлаш учун “Fraunhofer-Gesellchaft”, “ISO”, “DIN”, “PTB” ва бошқа хорижий экспертларни жалб этиш ва улар билан биргаликда Германия, АҚШ, Канада, Япония, Хитой, Жанубий Корея тажрибасини ўрганиб, янги технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан қонунчилик асослари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш.

2. Жамиятни ҳаракатга келтирувчи асосий кучлар – давлат, олий таълим муассасалари ҳамда бизнес олами вакилларининг ўзаро илмий изланишлардаги ҳамкорлигини тизимли равишда йўлга қўйиш. Олий таълим муассасаларини асосий бизнес инкубаторлар бўлишини таъминлаш, бунда, уларда яратилган технологияларга таянган ҳолда талабалар, ўқитувчилар ва профессорлар янги корхоналар ташкил этадилар. Давлат эса, ўз зиммасига венчур инвестори ролини олиши керак. Бизнес вакиллари эса, олий таълим муассасалари билан биргаликда, ўзларининг ва олий ўқув юртларнинг лабараторияларида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш вазифасини ўз зиммаларига оладилар.

3. Келгуси 15-20 йилга мўлжалланган Ўзбекистоннинг минтақавий ва ҳаттоки глобал етакчилигига шароит яратувчи Миллий технологик юксалиш дастурини ишлаб чиқиб, уни дарҳол татбиқ қилишни бошлаш керак. Лойиҳада, замонавий олий таълим муассасалари зиммасига алоҳида вазифаларни юклаш – бунда улар ўзлари учун янги бўлган тадбиркорлик функцияни эгаллашлари ва ўз негизларида бошқалардан 10-15 йил илгарилаб кетган иқтисодий ва маданий муҳитни яратишлари лозим бўлади. Шундагина, олий таълим муассасалари инсонларни ўтмишга эмас, балки келажакка тайёрлай оладилар.

Ҳозир дунёда шундай фундаментал ўзгаришлар рўй бермоқдаки, дунё тарихида бу даражадаги буюк имкониятлар ҳам, бунчалик катта потенциал ҳавфлар ҳам бўлмаган. Айрим тармоқлар етакчиларининг фикрлаш доирасининг торлиги ва “инқилобий” эмаслиги, ривожланиш стратегияларини тўхтатиб қўйиши мумкин. Сунъий интеллект, роботлаштириш, аддетив технологияларнинг оммалашуви (яъни 3D босмада ҳатто металл деталлар ва эҳтиёт қисмларини тайёрлаш), нанотехнологиялар, биотехнологиялар ва бошқа кўплаб нарсалар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

Агар биз бу ўзгаришлар етакчиларининг сафида бўлишни хоҳласак, яқин йилларда технологик тараққиёт қайси йўналишда ривожланиши ва келажакда қандай оламшумул инновациялар бўлиши кутилаётганини яхши англай олишимиз ҳамда уларни яратишда ўзимиз фаол иштирок этишимиз лозим бўлади.


Анвар Пирматов,
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ акциядорлар
билан корпоратив муносабатлар
бўлими бош мутахассиси.

ЎзА
16 392