Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 17:10 Чоп этиш версияси

Имконият ва самара

Имконият ва самара Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда янада қулай инвестиция муҳити яратиш, тадбиркорлар учун имконият ва имтиёзлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида сармоядорлар учун имтиёз ва преференцияларнинг самарали тизими ишлаб чиқилгани хорижлик тадбиркорларни ҳам жалб этаётир. Иқтисодий зона барпо этилган дастлабки пайтда келган хитойлик ишбилармонлар имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Хитойлик сармоядорлар ўтган қисқа даврда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда учта замонавий корхона барпо этди.

Ўтган йил охирида Хитойнинг “ZTТ” ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниялари тенг миқдорда – ҳар икки томон ҳам 500 минг доллар миқдорида инвестиция киритиб, “Smart vizion” қўшма корхонасини ташкил этган эди. Замонавий технологиялар асосида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида қўлланиладиган аппаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона маҳсулотлари юқори сифати билан ажралиб туради.

Қўшма корхона ойига 500 видео ҳамда 1,5 минг дона IP телефон ишлаб чиқариш қувватига эга. Жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган ушбу алоқа воситалари турига кўра нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ягона ҳисобланади. Корхона маҳсулотлари ички бозорда аллақачон ўз харидорини топиб улгурган. 2018 йилдан бошлаб маҳсулотнинг 10 фоизини хорижга экспорт қилиш режалаштирилган.

Корхонада касб-ҳунар коллежларини битирган 30 нафар ёш мутахассис меҳнат қилмоқда. Келгусида корхона қувватининг оширилиши билан иш ўринлари ҳам янада кўпаяди.

– Давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар муваффақиятларимиз омили бўлаётир, – дейди корхона муҳандиси К.Янгибоев. – Ахборот-коммуникация технологияларига талаб тобора ортиб бораётган бугунги кунда юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариб, ҳам ички, ҳам ташқи бозорда ўз ўрнимизни мустаҳкамлашни қатъий мақсад қилганмиз. Бунинг учун имкониятлар етарли.

Корхонада жорий йил охирига қадар бутловчи қисмларнинг 30 фоизини маҳаллийлаштириш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу корхона маҳсулотлари таннархи арзонлашиб, рақобатбардошлиги янада ошишига хизмат қилади.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
1 910






Все о погоде - Pogoda.uz