Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2017 13:07 Чоп этиш версияси

Имконият самаралари

Жиззах вилоятида 2015-2017 йилларда 41 давлат мулки объекти тадбиркорлик субъектларига “ноль” қийматда берилди.

Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги "Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этиб, бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш имкониятини кенгайтирди.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва 41 тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган давлат мулкини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига “ноль” қийматда сотиш тўғрисидаги шартномаларга мувофиқ, бўш турган объектларга 30 миллиард 435 миллион сўмдан зиёд инвестиция киритиш орқали 1 минг 697 янги иш ўрни ташкил этиш мажбурияти белгиланган эди. Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектлари томонидан 13 миллиард 336 миллион сўмлик инвестиция киритилиб, 1 минг 34 янги иш ўрни яратилди.

Пахтакор туманидаги “Ҳамзаева Хадича” хусусий корхонасига тумандаги собиқ супермаркет биноси “ноль” қийматда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш шарти билан берилган эди. Корхона жамоаси 934 миллион сўм инвестиция киритиб, мебель ишлаб чиқариш цехи ва хизмат кўрсатиш мажмуаси ташкил этди. Айни пайтда бу ерда 30 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда.

– Маҳалламизда бўш турган иншоотни “ноль” қийматда олиб, фаолиятимизни янада кенгайтирдик, – дейди “Ҳамзаева Хадича” хусусий корхонаси раҳбари Усмон Носиров. – Бинода мебель ишлаб чиқариш цехи, гўзаллик салони, тантаналар мажмуаси фаолияти йўлга қўйилди.

537 минг доллар миқдорида инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда берилган Дўстлик туманидаги собиқ машина-трактор паркининг бўш турган биносидан “Fresh style” масъулияти чекланган жамияти самарали фойдаланмоқда. Бу ерда тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаси ишга туширилиб, 800 иш ўрни яратилди.

Ғаллаорол туманидаги собиқ клуб биносини 174 миллион инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда олган "Нозимабегим насибаси" корхонаси тикувчилик цехи ташкил этди. 20 дан ортиқ хотин-қиз томонидан ишлаб чиқарилаётган кўрпа-ёстиқ ва бошқа тикувчилик маҳсулотлари сифати ва бежиримлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Вилоятда бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиб, янги иш ўринлари яратаётган субъектлар билан бирга, давлат мулкидан фойдаланишда турли муаммолар туфайли кутилган натижага эриша олмаётган тадбиркорлар ҳам бор. Айрим объектларда хомашё, электр, газ таъминоти ва бошқа масалаларда муаммолар мавжудлиги иншоотлардан самарали фойдаланишга йўл бермаяпти.

– Тадбиркорнинг “ноль” қийматда берилган мулкдан фойдаланаётгани имконият бериш билан бирга, унинг масъулиятини ҳам оширади, – дейди Жиззах вилояти хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А.Турсунов. – Шунинг учун хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ҳудудда эришилган натижаларни танқидий таҳлил қилиб чиқдик. Бу ишда хусусийлаштирилган корхоналар негизида амалга оширилаётган лойиҳаларни тизимли ва манзилли қўллаб-қувватлашни ташкил этишга, кўчмас мулкдан фойдаланиш бўйича тузилган битимлар бажарилишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, "ноль" қийматда берилган иншоотларда янги лойиҳаларни ишга туширишни тезлаштириш учун аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Банк, солиқ бошқармалари, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда иншоотларни “ноль” қийматда олган тадбиркорларга кредит, солиқ бўйича яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мухтасар айтганда, давлат мулки объектларининг хусусий сектор вакилларига бепул берилиши мулкдорлар сафини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни янада кенг жалб этиш, пировардида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 610






Все о погоде - Pogoda.uz