Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2017 13:10 Чоп этиш версияси

Илмий-тадқиқот ва ишланмалар амалиётга

Президентимиз раҳнамолигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, реал сектор тармоқларини модернизация қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида олимлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро манфаатли кооперация алоқалари ривожланмоқда.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва уларнинг натижаларини иқтисодиётнинг тегишли соҳаларига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда институтда етакчи олимлар раҳбарлигида давлат илмий-техника дастурлари доирасида 418 миллион 796 минг сўмлик 3 фундаментал, 2 амалий ва 2 инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Институтда профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, магистрантлар, истеъдодли талабалар ва ишлаб чиқариш корхона-ташкилотларининг етакчи мутахассисларидан иборат 18 инновация гуруҳи тузилган. “Шўртангазкимё" мажмуаси, “Муборакнефтгаз” УК, “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи”, “Таллимаржон иссиқлик электр станцияси”, “Муборак иссиқлик электр маркази” каби 59 ишлаб чиқариш корхонаси ва ташкилот билан корпоратив ҳамкорлик шартномалари тузилган. Кафедраларда инновация гуруҳлари томонидан корхоналарнинг илмий-технологик муаммолари банки яратилган бўлиб, бажарилаётган битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари мавзуси буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Катта илмий ходим-изланувчилар ва мустақил изланувчилар учун барча зарур шароит яратилган.

– Олимларимизнинг ишланмалари турли кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этилиб, мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда, –дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Нодир Қўзиев. – Жорий йилда ўтказилган “Инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологиялар" Х Республика ярмаркасига институт профессор-ўқитувчилари, ёш олим ва истеъдодли талабалари томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат, фан ва таълим йўналишлари бўйича 35 дан ортиқ ишланма намойиш этилди. Ярмарканинг Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида ўтказилган ҳудудий босқичларида 440 миллион сўмлик шартномалар имзоланди. Республика босқичида институт профессор-ўқитувчилари томонидан тақдим этилган ишланмалар асосида 80 миллион сўмлик шартнома тузишга эришилди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ер усти транспорт тизимлари кафедраси катта ўқитувчиси Учқун Қодиров картошка экиш учун тупроқни тайёрлайдиган комбинациялашган машина конструкциясини яратди. Инновацион модель ресурс тежамкор бўлиб, ерни тез ва сифатли экишга тайёрлаш имконини беради.

– Картошка экиш учун ерни тайёрлашда амалдаги технологияда қишлоқ хўжалик техникаси экин майдони юзасидан бир неча марта ўтишига тўғри келади, – дейди У.Қодиров. – Бу ерни зичлаштириб, ёқилғи билан боғлиқ харажатларни оширади. Чунки, картошка экиладиган далада тупроқни ўғитлаш ва шудгорлаш билан иш якунланмайди. Шудгорлашдан кейин дала текисланади, тупроқнинг юза қисмига ишлов берилиб, жўяк ва ариқлар тортилади. Биз таклиф этаётган агрегат эса юқорида санаб ўтилган барча жараёнларни бирваракайига амалга оширади. Яъни, бир ўтишда тупроқни ҳам юмшатади, ҳам ўғитлайди, ҳам жўяк тайёрлаб, юза қисмини зичлаб кетади. Комбинациялашган машина юмшатгич, чуқурюмшатгич, тупроқни чап ва ўнгга ағдарадиган йўналтиргичли корпуслар, ўғит солиш мосламаси ва ғалтакдан иборат. Албатта, бу қурилмани ҳар қандай техника ҳам торта олмайди. Шу боис, от кучи юқори бўлган тракторлардан фойдаланилса, мақсадга мувофиқдир.

Тадқиқотчи мазкур қурилма учун патент ҳам олган. Ишланманинг самарадорлиги рақамларда янада яққол намоён бўлади. Жумладан, у харажатларни 35, ёқилғи сарфини 25 фоизгача камайтириб, иш унумдорлигини 42 фоизга оширади. У.Қодировнинг ушбу қурилмаси VIII инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида қишлоқ хўжалиги йўналишида 1-ўринни эгаллаган. Бугунги кунда ёш тадқиқотчи илмий изланишларини давом эттириб, мазкур қурилмани янада такомиллаштириш устида изланмоқда.

Институт профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари томонидан бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари ва илмий янгиликлар ихтироларга берилган патентлар билан баҳоланади. Институт олимлари томонидан сўнгги 3 йилда 10 илмий ихтирога патент ва 1 муаллифлик гувоҳномаcи олинган. 15 илмий ихтирога патент олиш учун талабномалар берилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 648






Все о погоде - Pogoda.uz