Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.11.2017 16:22 Чоп этиш версияси

Идоралараро комиссия: Тадбиркор ва лойиҳа ташаббускорлари билан 7 маротаба учрашув ўтказилди

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, янги ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида идоралараро комиссия тузилди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида айни пайтгача хусусийлаштирилган 1 минг 386 корхона ва объект хатловдан ўтказилиб, 873 таси фаолият юритаётгани, 384 объект бузилгани ва 129 таси ҳанузгача бўш тургани аниқланган.

– Яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити инобатга олиниб, 102 истиқболли лойиҳа бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди, – дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси шўъба мудири Б.Солиев. – Дастур асосида 2017-2018 йилларда мазкур лойиҳаларга 255 миллиард 600 миллион сўмлик инвестициялар киритиш ва 2 мингга яқин иш ўрни яратиш режалаштирилган. Натижада 156 миллиард 700 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш имконияти пайдо бўлади. Энг муҳими, 1 миллион 800 минг доллар қийматидаги маҳаллий маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу мақсадларга эришиш учун жорий йилда 73 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, 2018 йилда 29 лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш бўйича режа тузилган.

Айни пайтга қадар белгиланган лойиҳалар бўйича 130 миллиард 200 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, тижорат банклари томонидан 98 миллиард 5 миллион сўмлик кредит маблағлари 13 лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Шунингдек, 31 лойиҳа бўйича олиб борилган амалий ишлар натижасида қарийб 300 янги иш ўрни яратилиб, корхоналар томонидан сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Кармана туманидаги “Gulobod Osiyo Parranda” масъулияти чекланган жамияти таркибидаги собиқ паррандачилик фабрикасида “Туронбанк” вилоят филиали томонидан ажратилган 2 миллиард сўм кредит ҳамда тадбиркорнинг 1 миллиард сўм шахсий сармояси эвазига 80 минг бош жўжа парвариши йўлга қўйилди. Бу 40 кишининг доимий бандлигини таъминлаш имконини берди.

Навоий шаҳридаги “Elektrokimyozavodi” акциядорлик жамияти балансидаги бўш турган объект негизида йиллик қуввати 500 тонна бўлган сульфид натрий кукуни ишлаб чиқариш цехи ишга туширилиши натижасида 12 янги ишчи ўрни яратилди. Айни пайтга қадар бу ерда 80 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Хатирчи туманидаги собиқ “8 март” фабрикасида “Navoiy Food Invest” масъулияти чекланган жамиятининг ўз маблағи ва банк кредити эвазига трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилди. Қизилтепа туманидаги “Azkamar” масъулияти чекланган жамиятида ҳам ташаббускорнинг 300 миллион сўм шахсий маблағи билан бентонит кукуни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Янгидан фаолият бошлаган “8 март Хатирчи” тикувчилик фабрикасида айни пайтда 355 хотин-қиз меҳнат қилмоқда, – дейди “Navoiy Food Invest” масъулияти чекланган жамияти бош директори М.Ҳалимов. – Қарийб 8 миллиард сўмга тенг лойиҳа ҳудудни иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади. Асосан ёш мутахассислар меҳнат қилаётган корхонада буюртма асосида 15 турдаги болалар кийими тайёрланмоқда. Хориждан келтирилган 160 замонавий тикув дастгоҳи маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини оширди.

Бироқ, яратилган кенг имконият ва имтиёзларга қарамай, ҳанузгача бўш турган ёки фойдаланилмаётган ер майдонлари ва объектлар мавжуд бўлиб, мукаммал инвестиция дастури ишлаб чиқмаган ва ҳеч қандай амалий ишни бошламаган лойиҳа ташаббускорлари билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят идоралараро комиссияси иштирокида тадбиркор ва лойиҳа ташаббускорлари билан 7 маротаба учрашув ўтказилгани қатор муаммоларга ечим топишда муҳим омил бўлди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 784






Все о погоде - Pogoda.uz