Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 12:17 Чоп этиш версияси

Иқтисодий суд – тадбиркор ҳимоячиси

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилнинг 1 июнидан хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида фаолият кўрсата бошлайди. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектларининг ортиб бориши ҳисобга олинган ҳолда, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилмоқда.

– Бугунги кун талабидан келиб чиқиб ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жорий этилаётган мазкур тизим мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида юртимиз иқтисодиёти ва халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади, – дейди Самарқанд вилояти хўжалик суди раиси вазифасини бажарувчи О.Асатов. – Айниқса, ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ташкил этилиши тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини ошириш, уларга бу борада қулайликлар яратишга хизмат қилади. Чунки шу пайтгача хўжалик судларининг фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатиши туфайли тадбиркорлик субъектлари ўз яшаш ва иш жойидан узоқда бўлган суд биносига даъво аризасини беришдан бошлаб низо судда кўриб чиқилгунига қадар бир неча марта келиб-кетишга мажбур эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашига сабаб бўларди.

Самарқанд вилоятида ҳам 22 судья, 19 судья ёрдамчиси ва бошқа қўшимча штатлар билан жами 52 кишидан иборат вилоят ҳамда 8 туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилмоқда.

Янги ташкил этилаётган туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларини жойлаштириш, ходимлар учун зарур шарт-шароит яратиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилди. Айни пайтда барча судлар учун бинолар танланиб, уларни жиҳозлаш, фаолият олиб бориши учун шароит яратиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Суд фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганидан келиб чиқиб, янги иқтисодий судлар учун ҳам замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилаяпти. Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вилоятдаги бошқармаси томонидан иқтисодий судларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
979






Все о погоде - Pogoda.uz