Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.09.2017 16:56 Чоп этиш версияси

Газ қазиб олиш ҳажми йилига 5 миллиард куб метрга етади

Газ қазиб олиш ҳажми йилига 5 миллиард куб метрга етади Қашқадарё вилоятида Ҳисор конлари гуруҳининг янги объектлари ишга туширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Россиянинг “Лукойл” компанияси президенти В.Алекперов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барқарор инвестиция муҳити яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида Ўзбекистон иқтисодиётида хорижий корхоналар иштироки кенгайиб бораётганини таъкидлади.

“Жануби-Ғарбий Ҳисор” лойиҳаси доирасида йилига 4,4 миллиард куб метр газни комплекс тайёрлаш қувватига эга қурилма, газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси, олтита газ йиғиш пункти ишга туширилди. Объектларнинг ишга туширилиши Ҳисор конлари гуруҳида газ қазиб олиш ҳажмини йилига 5 миллиард куб метрга етказиш имконини беради.

11.jpg

– “Лукойл” компанияси йирик ҳамкорларимиздан биридир, – дейди “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси А.Султонов. – Мазкур компания билан ҳамкорликда жорий йил охирида яна бир йирик лойиҳа “Қандим газни қайта ишлаш заводи” ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Бу мамлакатимиз иқтисодиёти учун қўшимча газ ишлаб чиқариш имкониятини янада кенгайтиради. Энг муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Албатта, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, маҳсулот ишлаб чиқаришдан олдин унга харидор, яъни бозор топиш лозим. Ҳозирда ушбу лойиҳалар бўйича барча масалалар муҳокама қилинмоқда. Бундай истиқболли йирик лойиҳалар юртимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳоннинг йирик нефть-газ корпорацияларидан бири бўлган “Лукойл” мамлакатимизда истиқболли конларни қидириш, ўзлаштириш ва углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш каби қатор инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширмоқда.

Компания ўзининг хорижий лойиҳалари доирасида қазиб олаётган газ ҳажмининг ярмидан кўпи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда "Лукойл" бошқаруви остидаги лойиҳаларда тўпланган маҳсулот кўрсаткичи 45 миллиард куб метрга етди.

Мазкур компания мамлакатимиз ҳудудида ўз фаолиятини “Қандим-Ҳаузак-Шоди-Қўнғирот” ва “Жануби-Ғарбий Ҳисор” лойиҳалари бўйича маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим асосида олиб боради.

Бугунги кунда "Лукойл"нинг юртимиз иқтисодиётига киритган сармояси ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошди. Ушбу кўрсаткич компанияни мамлакатимизнинг энг йирик инвесторига айлантирди.

7.jpg

Компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳалари бошқарувчиси сифатида “Лукойл Узбекистан Оперейтинг компани” масъулияти чекланган жамияти фаолият юритмоқда. Масъулияти чекланган жамиятда айни пайтда 3 мингдан ортиқ ходим ишлайди, уларнинг асосий қисми мамлакатимиз фуқароларидир.

Таъкидлаш жоизки, "Жануби-Ғарбий Ҳисор" ва Устюрт минтақаси ҳудудига оид 36 йилга мўлжалланган маҳсулот тақсимлаш битими 2007 йилнинг апрелида кучга кирган. “Лукойл” “Жануби-Ғарбий Ҳисор” лойиҳасига 2008 йилнинг март ойида қўшилган.

2011 йил охирида Жарқудуқ-Янги Қизилча конларида илк газ қазиб олинди. 2014 йил октябрь ойида “Ҳисорни тўлиқ ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ-Янги Қизилча газ-конденсати конларини лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича тўлиқ фойдаланишга топширилишини кўзда тутувчи шартнома имзоланди.

Асосий технологик ва ишлаб чиқариш объектларини қуриш, ишга тушириш ва созлаш ишлари 2017 йил июль ойида якунланган. Лойиҳа доирасида 300 километр юқори кучли электр узатиш линиялари, иккита электр подстанцияси, 126 километр автомобиль йўли барпо этилди. 64 минг куб метр бетон қуйилди, 12 минг тонна металл конструкциялар ва 4 минг тоннага тенг ускуналар ўрнатилиб, 286 километр тенг линияли қувурлар ётқизилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
1 990






Все о погоде - Pogoda.uz