ЎзА Ўзбек

15.12.2017 21:14 Чоп этиш версияси

Фармацевтика соҳасига инвестициялар киритилиши ҳисобига 26 қўшма корхона ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Аҳоли ва даволаш муассасаларини дори-дармон билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар: аҳоли билан мулоқот, амалиёт ва халқаро тажриба» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда сенаторлар, Соғлиқни сақлаш, Адлия, Ташқи савдо, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўмита раиси З.Низомхўжаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Н.Ибрагимов, молия вазири ўринбосари А.Каримов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондиришга ва фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда ушбу соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизи такомиллаштирилаётганини таъкидлади.

Қисқа давр ичида «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2017 йил 14 февралдаги «Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 17 июлдаги «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ҳамда 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 150 дан зиёд фармацевтика корхонаси томонидан тиббиёт амалиётида фойдаланишга рухсат этилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган қарийб 2,5 минг дори воситаси ва 200 га яқин тиббиёт буюми ишлаб чиқарилмоқда. Мамлакатимизнинг 33 фармацевтика корхонасига халқаро сифат стандартлари тизими жорий этилди. Ана шундай корхоналарнинг 19 таси ўз маҳсулотларини АҚШ, Франция, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига экспорт қилмоқда. Фармацевтика соҳасига инвестициялар киритилиши ҳисобига 26 қўшма корхона ташкил этилди.

Шунга қарамасдан эҳтиёж кучли бўлган дори воситаларининг мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилмаётганлиги сабабли ички бозорнинг асосий қисмини ҳамон импорт йўли билан олиб кириладиган маҳсулотлар ташкил қилмоқда. Аксарият дорихоналарда дориларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рецептлар бўйича сотилишига риоя қилинмаяпти.

Тадбирда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси қоидаларини бузганлик учун масъулиятни кучайтириш ҳамда соҳани жадал ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилди. Аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлашнинг муҳим масалалари ва халқаро тажриба муҳокама этилди. Фармацевтика соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
10 800