Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.11.2017 12:17 Чоп этиш версияси

Фарғона водийсида 18 ер ости сув кони мавжуд

Сув – ҳаёт манбаи. Тириклик учун бебаҳо неъмат. Сайёрамиздаги барча сув захирасининг 97 фоиздан ортиғи истеъмол учун яроқсиз бўлиб, чучук сув ҳажми жуда кам миқдорни ташкил қилади. Шунинг учун обиҳаётдан самарали фойдаланиш энг муҳим масалалардан биридир.

Мамлакатимизда сувдан тежамкорлик билан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 18 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатга кўра, аҳолининг ичимлик суви таъминотини, сув ва канализация тармоқлари ишини яхшилаш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ягона назорат тизимини яратиш мақсадида "Давсувинспекция" ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил этилди.

Фарғона водийси ер ости чучук сув конларига бой минтақа бўлишига қарамай, Наманган, Андижон, Чортоқ ва Асака шаҳарлари сув таъминотининг асосий қисми Андижон сув омбори ва Чортоқсойдан олинаётган сув ҳисобига тўғри келмоқда. Қолаверса, Фарғона ва Марғилон шаҳарлари сув таъминотининг асосий қисми ҳам Фарғона шаҳридан 10-15 километр жанубда жойлашган ер ости сув олиш иншоотлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Чунки мазкур шаҳарлар жойлашган ҳудудлардаги ер ости чучук сув конларининг асосий қисми истеъмол учун яроқсиз ҳолга келиб қолган.

– Фарғона водийсида 18 ер ости сув конлари мавжуд бўлиб, улардан 6 таси Фарғона вилояти ҳудудида жойлашган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Фарғона гидрогеология экспедицияси давлат корхонаси директори Р.Бегматов. – Улар бўйича баҳоланган ер ости сувларининг минтақавий захиралари бир кеча-кундузда 9447 минг м3 ни ташкил этади. Ер ости сув конларининг ижобий хусусиятларидан яна бири бу вилоятнинг аҳоли зич жойлашган майдонларида ер ости сувли қатламларининг ўзига хос босимга эгалигидир. Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ қудуқ табиий фаввора асосида фаолият кўрсатиб, улардан ер ости сувлари олинмоқда. Афсуски, сувдан фойдаланувчи мутасаддиларнинг бепарволиги оқибатида қайд этилган тик қудуқларнинг 40-50 фоизи ҳеч қандай бошқарув жўмракларисиз фаолият кўрсатиб, маълум миқдордаги ер ости чучук суви самарасиз оқиб ётибди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сувдан оқилона фойдаланишда муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур ҳужжат ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш ва шу асосда мамлакатимиз аҳолисини сув билан таъминлаш сифатини яхшилашга ҳамда айрим шаҳар ва туманлар марказида ер ости сувлари сатҳи кўтарилишининг олдини олишга йўналтирилган.

Фарғона вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминоти ҳолати ва бунда сув таъминоти манбаларидан, айниқса, ер ости чучук сув манбаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 сентябрдаги “2017-2022 йилларда ер ости чучук сувларини ишлатишни кенгайтириш ҳисобига Фарғона водийси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида иш бошлаб юборилди. Мазкур қарор ижроси доирасида Фарғона вилоятида бир кеча-кундузда 147,3 минг м3  миқдорида ер ости чучук сув захираларининг кўпайиши ва фойдаланишга топширилишига, бир кеча-кундузда 950 минг м3  миқдоридаги ер ости чучук сув захираларининг қайта баҳоланиши ва фойдаланиш муддатининг узайишига, Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Бешариқ, Қува туманлари ҳудудларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича дренажлар турини қўллаш ва улардан фойдаланиш юзасидан асосли таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилишига эришилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 957






Все о погоде - Pogoda.uz