Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 12:10 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятида 2021 йилгача 281 автобус ва 490 микроавтобус сотиб олинади

Мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасини ривожлантириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, тизим инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, техника паркини замонавий ва қулай транспорт воситалари билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу аҳолининг йўловчи ташиш транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий ва хавфсиз хизмат кўрсатиш имкониятини янада кенгайтиришда юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фарғона вилоятида ҳам ушбу ҳужжат ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятда 2017-2021 йилларда шаҳар ва қишлоқларда автотранспорт хизматини янада ривожлантириш бўйича махсус дастур тасдиқланди. Унга кўра, йўловчи ташийдиган янги автобус йўналишлари ташкил этиш, янги автобус ва микроавтобуслар сотиб олиш, янги автовокзал ва автостанциялар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш каби учта муҳим йўналишда иш олиб борилмоқда.

– Мазкур дастур асосида жорий йилда вилоятда 7 янги автобус йўналиши очилади, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Аъзамхўжа Умрзоқов. – Айни пайтга қадар вилоят аҳолисига намунали автотранспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ёзёвон тумани аҳолисининг Қўқон шаҳри ва атроф туманларга боришида енгиллик яратиш мақсадида Қўқон – Андижон йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу йўналишдаги автобуслар Учкўприк, Бувайда, Ёзёвон туманлари, Қўқон шаҳри ҳамда Андижон вилоятининг Бўз, Шаҳрихон туманлари ва Андижон шаҳри аҳолисига сифатли хизмат кўрсатаётир.

Сўх туманида “Сўх йўловчи транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан Фарғона – Сўх – Ҳайдаркон йўналишида мунтазам автобус қатнови ташкил этилди.

Вилоятда жорий йилда 43 янги автобус сотиб олиниши режалаштирилган. Ҳозирда баъзи йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналар автобусларни сотиб олди, айримлари харид қилиш бўйича шартномалар имзолади. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар томонидан дастурга қўшимча равишда 11 автобус сотиб олиниб, тегишли лицензия берилди ва йўналишларга жойлаштирилиши таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, қарор ижроси бўйича тасдиқланган дастур доирасида 2017-2021 йилларда вилоятга 281 автобус ва 490 микроавтобус сотиб олиниши режалаштирилган.

– Жорий йилнинг ўтган даврида 3 микроавтобус сотиб олдик, яна 10 автобус сотиб олишимиз керак, – дейди Учкўприк туманидаги “Умид файз транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Набижон Тошматов. – Жамоатчилик назорати асосида яқинда “Бувайда – Бўстонбува” йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилди.

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда вилоятда 6 янги автостанция қурилади. Айни пайтда Қувасой шаҳрида фаолият кўрсатмаётган автостанция фаолиятини қайта тиклаш бўйича таклифлар кўриб чиқилаётган бўлса, Ёзёвон туманида жорий йилда янги автостанция қурилади. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Қўштепа, Учкўприк, Бешариқ ва Ўзбекистон туманларида ҳам янги автостанция қуриш бўйича ер майдони танланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Шу билан бирга, қарор асосида хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш борасида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Бу борада биринчи навбатда йўловчи ташиш юзасидан доимий равишда марказлаштирилган мониторинг олиб борилиши таъминланади, онлайн режимида масофадан кузатиш тизими яратилади. 2018 йилнинг 1 июлига қадар вилоят марказида шаҳар йўловчи ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Айни пайтда автобус ва микроавтобусларга онлайн назорат қурилмалари ўрнатиш, вилоят марказидаги шаҳар ичи йўналишларида нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
827






Все о погоде - Pogoda.uz