ЎзА Ўзбек

23.02.2018 14:01 Чоп этиш версияси

Фарғонанинг энг сердаромад маҳалласи

Деҳқончиликда миришкор оилаларнинг йиллик ўртача даромади 10-35 миллион сўм, ҳудуддаги 90 фоиз оилада битта, ҳатто иккита-учтагача автомашина бор

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинида томорқачиликда ўзига хос мактаб яратилган. Аҳоли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, яхши даромадга эга бўлмоқда. Ҳозирча бундай самарали натижа асосан найманликларнинг ҳаётий тажрибаси асосида қўлга киритилаётир. Агар ушбу жараёнга илм-фан ютуқлари, инновацион ғоя ва технологиялар жорий этиладиган бўлса, ютуқлар салмоғини яна бир неча баробар оширишга эришиш мумкин.

Айни пайтда маҳалладаги 920 хонадонда 4 минг 885 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли ихтиёрига берилган 40 гектар томорқанинг 80-85 фоизида иссиқхона мавжуд. Ҳар йили эрта кўкламда мазкур иссиқхоналарда парваришланадиган помидор, бодринг, қалампир, булғор қалампири, карам, бақлажон сингари ўн миллионлаб кўчат Фарғона водийси, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари томорқачиларига етказиб берилади. Қиш мавсумидаёқ буюртмалар миқдори аниқ бўлиб улгуриши сабабли найманликлар бозорма-бозор кўчат кўтариб, харидор излаб юрмайди. Ҳадемай маҳалла кўчаларида бошқа вилоятлардан кўчат олишга келган салобатли автомашиналар турнақатор бўлиб навбат кутади. Кеч куз ва қиш чилласидан тупроқ чангаллаб чиққан ҳар бир оила меҳнатлари роҳатини кўради.

Кўчатлар савдоси тугаб-тугамай найманликлар иссиқхонасидаги экинларнинг илк ҳосил нишонаси бўй кўрсатади. Томорқадан йилига икки-уч марта ҳосил оладиган найманликлар нафақат кўчат етиштириш, балки бозорга тайёр маҳсулот етиштириб сотишнинг ҳам ҳадисини олган. Томорқада қўлбола усулда тикланадиган камхарж иссиқхоналар тежамкор бўлиб, у табиий усулда (термос усули: икки қаватли плёнка ўртасига маккажўхори пояси тўшалади, маҳаллий ўғитлар ёрдамида ҳарорат мўътадиллиги таъминланади) иситилади. Бунинг учун табиий газ ёки бошқа ёқилғи воситаси деярли шарт эмас.

“Найман” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулсора Ҳамроқулованинг айтишича, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига маҳалла инфратузилмаси, ҳудуд ободлиги ва оилалар фаровонлиги тобора юксалиб бормоқда. Ҳозирги кунда ҳудуддаги 90 фоиз оиланинг битта, баъзиларида иккита, ҳатто учтагача автомашина бор. Хонадонларда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, ўрдак боқиш, мева-сабзавот етиштириш ҳам яхши анъанага айланган. Маҳаллада томорқадан самарали фойдаланиш билан бирга, тадбиркорлик ва ҳунармандлик ҳам жадал ривожланмоқда, шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида умумий овқатланиш, савдо, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Собиржон Бадалбоев маҳалладошлар ўртасида томорқадан фойдаланиш борасидаги ана шу ютуқларнинг ташаббускори сифатида ҳурмат қозонган. Умиджон Эгамназаровлар оиласи кўчат парваришлашда ҳамиша биринчи экани, Ғуломжон Абдураззоқов хонадони аъзолари эса, бир пайтнинг ўзида бир неча турдаги кўчатларни етиштириш тажрибаси билан тилга тушган.

– Томорқа – катта хазина, – дейди Ғ.Абдураззоқов. – Тўрт фаслда ҳам бутун оила шу ердаги юмушлар билан банд бўламиз. Ерга меҳр берсангиз, унинг жавобини ҳам албатта олар экансиз. Мана, ҳадемай, баҳор ҳам келади. Айни дамда иссиқхонада помидор, қалампир кўчатларини парваришламоқдамиз.

Аслида маҳаллада бундай ибратли оилалар кўп. Бугунги кунда маҳаллада 10 хонадон кам таъминланган оила мақомига эга бўлиб, ушбу оилалар фаровонлигини яхшилаш учун маҳалладошларнинг ўзи ташаббус кўрсатаётгани ҳам таҳсинга сазовор.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
8 039