ЕТТБ билан ҳамкорлик ривожланмоқда
Фарғонада “Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва кичик бизнес субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.
Фарғонада “Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва кичик бизнес субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова раҳбарлигидаги делегация аъзолари, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари тадбиркорлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва бошқалар Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида сўз юритди.
ЕТТБ делегацияси аъзоларига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантирмай иқтисодиётни юксалтириб бўлмайди, – деди Н.Ханженкова. – Ўзбекистонда кичик бизнес ривожи учун яратилаётган имкониятлар эътиборга молик. “Имкон плюс”, “Андижон кабель”, “Jurabek laboratories” ва бошқа кичик бизнес субъектлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандумида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинган. Кичик ва ўрта корхоналар учун маслаҳат бериш ва молиялаштириш хизматлари эҳтимолий дастури, трансчегаравий савдо ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган савдони молиялаштириш, технологиялар ва ноу-хаулар алмашинувини таъминлаш имконини берадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш вазифалари шулар жумласидандир.
Фарғона вилоятида 20 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 63,4 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 48 фоизни, аҳоли бандлигидаги улуши 81 фоизни ташкил этаётир.
Вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг ривожланиб бораётганлиги тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурслари, чет эл инвестицияларига бўлган талаби ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Фарғона вилоятини 2017-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида 13 минг 524 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Семинарда тадбиркорлик субъектларига кредит ва грант маблағлари ажратиш шартлари, Ўзбекистон Республикасида ЕТТБ томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
– Мусиқа асбоблари ишлаб чиқарамиз, – дейди Фарғона шаҳридаги “Замин асл садоси” оилавий корхонаси раҳбари Мамасодиқ Мамадалиев. – Оила аъзоларим билан соз, танбур, дутор, ғижжак каби ўндан ортиқ турдаги мусиқа асбобларини мамлакатимизнинг турли ҳудудларига етказиб бермоқдамиз. Эндиликда банкдан кредит олиб, фаолиятимизни янада кенгайтириш, маҳсулотларимизни экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Семинар-тренингда ЕТТБ вакиллари томонидан тадбиркорлик субъектлари учун қатор тақдимотлар ўтказилиб, “Хусусий сектор учун маслаҳат”, “Кредит линиялари ёрдамида молиялаштириш”, “ЕТТБ билан ҳудудий ҳамкорликни муҳокама қилиш” йўналишлари бўйича сессиялар ташкил этилди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.