Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 18:44 Чоп этиш версияси

Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказида “Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантиришнинг халқаро тажрибаси ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича маркетинг стратегияси” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, USAIDнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, халқаро экспертлар, эркин иқтисодий ва саноат зоналари раҳбарлари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAIDнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий савдо масалаларида катта маслаҳатчиси Р.Рожерс ва бошқалар мамлакатимизда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар ҳудудларнинг ишлаб чиқариш, ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди. Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам база яратилгани, кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар тизимини шакллантиришда ўзига хос ёндашувнинг мавжудлиги эътироф этилди.

Айни пайтда мамлакатимизнинг 10 минтақасида 14 эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Ҳар бир вилоятда кичик бизнес субъектларининг фаолият юритишини рағбатлантиришга хизмат қиладиган кичик саноат зоналари ташкил этилган. Бу, ўз навбатида, юқори талаб ва тез ўзгарувчан бозор механизми шароитида истеъмолчиларга зарур товар ва хизматларни ўз вақтида ишлаб чиқариш ва етказиб беришда қатор афзалликларга эга.

Тадбирда экспертлар Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва ривожлантиришнинг мустаҳкам асоси, бу борада қўлга киритилган халқаро тажриба ва ютуқлар ҳақидаги маърузалари билан иштирок этди.

– Мамлакатингизда эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши иқтисодиётни либераллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир, – деди USAIDнинг саноат ва махсус савдо зоналарини ривожлантириш соҳасидаги етакчи эксперти Хосе Керон. – Зеро, мазкур фаолият самарасида иқтисодиётда истиқболли лойиҳа таклифларини шакллантириш, сифатли инвестиция лойиҳалари портфелини яратиш, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва юқори технологияли корхоналар ташкил этиш мумкин. Шу маънода юртингизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган амалий натижалар эътиборга молик.

Семинарда халқаро экспертлар томонидан эркин иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берилди, шунингдек, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича маркетинг стратегиялари ишлаб чиқилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
1 981






Все о погоде - Pogoda.uz