Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 18:12 Чоп этиш версияси

Энг яхшилар сараланди

Энг яхшилар сараланди Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Ташаббус” танлови кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракати ва миллий ҳунармандликни янада ривожлантириш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, фаол ва ташаббускор ишбилармонларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 44 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришда тадбиркорлик субъектлари вакилларининг улуши ортиб бормоқда. 2016 йилда бу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этгани фикримиз исботидир.

Ўтган йили ҳудудда 1 минг 586 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 12 минг 745 га етди. Тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йили тижорат банклари томонидан 648 миллиард 200 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида 34 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Нукус шаҳридаги “Кардар” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурат Шимбергенов “Энг яхши тадбиркор”, Қўнғирот туманидаги “Мустақиллик” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Қуатбой Ўтеков “Энг яхши фермер”, Чимбой туманидан Азамат Тўрекеев “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида ғолиб бўлди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Тасарруфимиздаги қарийб 100 гектар майдоннинг 58,7 гектарида пахта, 22 гектарида ғалла етиштирамиз, – дейди Қўнғирот туманидаги “Мустақиллик” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Қ.Ўтеков. –Чорвачилик ва асаларичиликдан ҳам яхшигина даромад оламиз. Ўтган йили давлатга 145 тонна пахта, 88 тонна буғдой, 90 тонна полиз-сабзавот маҳсулотлари сотиб, 655 миллион сўм даромад қилдик. Хўжалигимизда 30 га яқин ишчи меҳнат қилади. 12 та турли қишлоқ хўжалиги техникаси ва трактор бор.

Танловда “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши фермер аёл”, “Энг яхши экспортчи”, “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор” каби 17 номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
4 630






Все о погоде - Pogoda.uz