Энергия таъминоти тизими самарадорлиги ортмоқда
«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан пойтахтимиз энергия таъминоти тизимини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан пойтахтимиз энергия таъминоти тизимини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада замонавий энергия ускуналари, энергия ўтказувчанлиги юқори бўлган изоляцияланган симлар ва полиэтилендан тайёрланган кабеллардан фойдаланиш эвазига шаҳар энергия тармоқларининг ишончли ишлашини сезиларли даражада ошириш режалаштирилмоқда.Электр тизимларининг ишончли ишлаши уларнинг қуввати, ривожланиш истиқболлари ва авария ҳолатларига бардошлилигини белгилайдиган муҳим омилдир. Энергияга талаб тобора ортиб бораётган бугунги кунда электр тармоқларини мунтазам модернизация қилиш ва соҳага илм-фан ютуқларини жорий этиш орқали уларнинг ишончлилик даражаси таъминланмоқда. Иқтисодиёти ва саноати жадал ривожланаётган Ўзбекистонда ҳам электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёж ортмоқда. Бу эса мамлакатимиз электр тармоқларининг ишончли ишлашини янада оширишни тақозо этади.
Пойтахтимизда электр энергиясига бўлган талаб муттасил ошаётир. Бу, аввало, аҳоли фаровонлиги юксалиб, тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган қулай шароитлар билан боғлиқ. Айни пайтда Тошкент шаҳар электр тармоқларига 595 мингдан зиёд жисмоний ва 18 мингдан ортиқ юридик истеъмолчи уланган. Буларнинг барчаси электр таъминоти тармоқларини мунтазам кенгайтириш, электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қобилиятини ва трансформатор нимстанциялари қувватини оширишни талаб этади. Шу муносабат билан «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан тармоқлар модернизация қилинмоқда, эскилари алмаштирилиб, капитал таъмирланмоқда. Бу борадаги ишларни амалга оширишда асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган кабель ва энергетика маҳсулотлари, ускуна ва материаллардан фойдаланилмоқда.
Акциядорлик жамияти мутахассислари шаҳримиздаги барча участка ва энергия таъминоти тизимларини текширувдан ўтказди. 159 участка ва объектда ҳозирги кунда модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 9 янги трансформатор нимстанциясини ўрнатиш ва эскиларини замонавий 42 трансформаторга алмаштириш кўзда тутилган. Бу пойтахтимиз туманларини электр энергияси билан ишончли таъминлаш ва сифатини ошириш имконини беради. Бу борада амалда фойдаланиб келинаётган симлардан кўпгина афзалликлари билан ажралиб турадиган энергия ўтказувчанлиги юқори изоляцияланган замонавий симлар кенг қўлланилмоқда. Ушбу симлар конструкцияси электр энергиясига яширинча уланиб олишга йўл қўймайди. Пойтахтимизда 176 километрдан зиёд шундай замонавий сим тортилади.
Ер остидаги юқори вольтли электр линияларини модернизация қилиш ва қайта ётқизишда мамлакатимизда полиэтилендан ишлаб чиқарилаётган пишиқ, ишончли ва фойдаланиш муддати узоқ бўлган кабеллар қўлланилаётир. Белгиланган техник талабларга кўра, кабелнинг металл ўзаги бир неча қопламадан иборат бўлиб, уларнинг бири сигнал бериш вазифасини ўтайди. Ер ости электр узатиш линиялари механик шикастланганда, сигнал берувчи қоплама неча метр жой шикастланганини аниқлаш ва зарур таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш имконини беради. Бундай кабеллар 50 йилгача хизмат қилади. Ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, 54 километрдан зиёд юқори кучланишли ер ости кабелларини замонавий кабелларга алмаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, пойтахтимизнинг Сирғали туманида барпо этилаётган 102 уйни марказлашган энергия таъминоти тизимига улаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда 12 янги трансформатор нимстанцияси ўрнатилиб, 27 километрдан зиёд юқори кучланишли электр линиялари ўтказилади.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент шаҳрида энергия таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш пойтахтимиз иқтисодий тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.