Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 14:36 Чоп этиш версияси

«Электрон солиқ хизматлари» портали солиқ тўловчиларга қандай янги ва қўшимча имкониятлар яратади?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди.

Фармонда тизимда энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш устувор вазифа этиб белгиланган. Айни кунларда улар изчил амалга оширилмоқда.

Яқинда давлат солиқ хизмати органларининг my.soliq.uz – “Электрон солиқ хизматлари” портали тест режимида ишга туширилди. Бундан асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган электрон давлат хизматларини оптималлаштириш, уларнинг сифатини ошириш, харажатларни камайтириш, пировардида солиқ тўловчиларнинг хизматлардан қониқиш даражасини юксалтиришдан иборат.

“Электрон солиқ хизматлари” портали имкониятлари нималарда намоён бўлади? У солиқ тўловчиларга қандай янги ва қўшимча имкониятлар яратади?

– Янги портал солиқ хизмати органларининг барча электрон давлат хизматларини ягона вебманбада қамраб олган. Порталнинг бош саҳифаси очилганда солиқ органларининг виртуал ходими фойдаланувчиларга манбанинг имкониятлари тўғрисида қисқача тушунтириш беради, – дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Музаффар Исламов. – Шунингдек, солиққа доир барча электрон давлат хизматлари интерактив ва ахборот давлат хизматларига сараланган бўлиб, бунда керакли хизматларни тез ва осонлик билан қидириш мумкин. Ўз навбатида уларни қидиришни янада соддалаштириш мақсадида, хизматлар йўналишларга ажратилган. Булар мурожаатларни ва ҳисоботларни юбориш, рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, маълумотномалар олиш каби 10 га яқин йўналишлардан иборат.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида шахсий кабинетлар очилди. Ушбу кабинетларда солиқ тўловчи тоифасига тегишли барча электрон давлат хизматлари рўйхати тақдим этилади. Шахсий кабинетларга кириш қисми ягона идентификациялаш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Шахсий кабинетларда хизматлар қулай навигацияли “Шахсий маълумотлар”, “Ҳисоб-китобларнинг жорий ҳолати”, “Солиқ органлари билан ёзишмалар” ва “Фойдали маълумотлар” блокларига ажратилган.

Солиқ органлари билан барча ёзишмалар ва хабарлар алоҳида блокда йиғилади. Шу билан бирга шахсий кабинетда солиқ тўловчилар бюджет билан ҳисоб-китоблар тўғрисидаги долзарб маълумотларни куннинг исталган вақтида олиши мумкин.

Ҳар бир хизмат ойнаси ягона стандарт асосида ишлаб чиқилган. Бунда хизматни тез қидириб топиш учун хизмат иконкаси, хизматнинг номи, фойдаланиш йўриқномаси, хизмат бўйича масъул солиқ инспектори тўғрисида маълумот, солиқ тўловчиларнинг фикрларини ўрганиш, таклиф ва эътирозларини кўриб чиқиш учун хизматга баҳо бериш ҳамда изоҳ қолдириш каби имкониятлар яратилган.

Бугунги кунда порталда давлат солиқ хизмати органларининг 35 электрон давлат хизматлари амалиётга жорий этилган. Бундан ташқари, 5 янги хизмат тест синовида тақдим этилмоқда. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси ва жойлашган жойидан қатъи назар, барча хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Улуғбек Асроров, ЎзА
1 386






Все о погоде - Pogoda.uz