Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 17:50 Чоп этиш версияси

2016 йилда Ўзбекистонда 11,1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди

Пойтахтимизда «Ўзбекистон Республикаси экспорт салоҳияти: зарур шароитлар ва ўсиш имкониятлари» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ҳамда Банк-молия академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Марказий банк раиси ўринбосари Ш.Шоаҳмедов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

2016 йил мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан 11 миллиард 100 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган, 877 корхона экспорт фаолиятига янгидан жалб этилган. Экспорт географиясини кенгайтириш устида олиб борилаётган изланишлар натижасида ўтган йили мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари Европа, Осиё ва Африка қитъаларида 60 янги бозорга кириб борган.

Хориж мамлакатлари билан алоқаларнинг чуқурлашуви мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг ортишида қулай шароит сифатида баҳоланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 4-5 апрель кунлари Россияга давлат ташрифи давомида имзоланган умумий қиймати 16 миллиард долларга тенг элликдан зиёд келишув бунинг ёрқин далилидир.

Экспорт салоҳиятини оширишда хорижий сармояларни, аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Навоий, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар чет эллик инвесторларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.

Эркин иқтисодий зоналарда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёзлар, қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, бу ҳудудларда алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади. Тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-телекоммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланишини осонлаштириш мақсадида ЭИЗлар дирекцияларида «ягона дарча» тамойили бўйича рухсатномалар берилиши йўлга қўйилаётир.

Маҳаллий хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга, халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда Президентимизнинг 2016 йил 26 декабрдаги «2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Унга кўра, 2019 йилгача 1 минг 146 лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига бугунги кунда талаб юқори бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган.

Конференцияда банк-молия тизими экспертлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходим-изланувчилар, амалиётчи мутахассислар илмий маърузалар билан қатнашди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
4 617






Все о погоде - Pogoda.uz