ЎзА Ўзбек

09.07.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Экспорт ҳажми кўпаймоқда

Экспорт ҳажми кўпаймоқда Бухоро вилоятида ҳам замонавий тўқимачилик ускуналари, тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган янги корхоналар сони йилдан-йилга ортмоқда. “Жасмин чой инвест” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тўқимачилик корхонаси ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир.

Лойиҳанинг умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларига тенг. Унинг 1 миллион доллари лойиҳа ташаббускорлари улуши бўлса, қолган қисми, яъни 1,5 миллион доллари – технологик ускуналар хариди банк томонидан имтиёзли кредит шаклида ажратилди. Бу тадбиркор учун корхонани ташкил этиш ва унинг фаолиятини самарали йўлга қўйишда жуда қўл келди.

– Корхонамиз кийим-кечаклар учун мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Жасмин чой инвест” МЧЖ раҳбари Ойбек Тожибоев. – Ишчи-мутахассисларимиз иш бошлашдан олдин пойтахтдаги турдош корхоналарда ип-калавадан мато тўқийдиган замонавий ускуна ва дастгоҳларни бошқаришни ўргангани ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

8.JPG
 
Ҳозирда корхонада 50 ишчи, муҳандис-техник ва бошқа мутахассислар меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш қуввати ошиши билан, яъни йил охирига қадар улар сонини яна 15 нафарга кўпайтириш режалаштирилган.

Турли мезонларга кўра халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган корхона маҳсулотига ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Икки ой мобайнида ишлаб чиқарилган матонинг 100 минг АҚШ долларига тенг қисми Италия ва Литвага экспорт қилинди. Жамиятда йил охиригача экспорт ҳажмини 500 минг АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (фото) ЎзА
16 137