Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 10:38 Чоп этиш версияси

Дунё бозорига йўл

Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида талаб ортиб бораётган тўқимачилик маҳсулотлари юксак сифати ва рақобатбардошлиги, халқаро андозаларга тўла мослиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Сурхон воҳасининг табиий иқлим шароити харидоргир тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хомашё етиштириш учун жуда қулай. Юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, хорижий сармоядорларга қатор имтиёз ва преференциялар қўлланилаётгани тўқимачилик саноатини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, маҳаллий шароитда етиштирилган сифатли пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор кучаймоқда.

Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ташкил этишни анчадан бери режалаштириб юрган эдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ишларни жадаллик билан бошлашимизда муҳим асос бўлди.

Тадбиркорлик ва ишбилармонлик катта тажриба, етук билим ва пухта бизнес режа билан иш бошлашни талаб қилади. Мазкур корхонани ташкил этишдан олдин мамлакатимиздаги ва дунё миқёсидаги тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талабни синчиклаб ўргандик. Таҳлилларга кўра, ҳозир экспортнинг қарийб 50 фоизини ип-калава ташкил этмоқда. Келгусида унинг ҳажмини босқичма-босқич камайтириш ҳисобига ярим тайёр ва тайёр, юқори қийматли маҳсулотларни экспорт қилишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айни вақтда тайёр маҳсулотлар улуши умумий ишлаб чиқаришнинг 47 фоизини ташкил этаётган бўлса, истиқболда 65,5 фоизгача, экспорт таркибидаги улуши 41 фоиздан 70 фоизгача ўсиши таъминланади. Шундай экан, бу соҳанинг истиқболдаги муваффақияти биз каби тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг самарали фаолият олиб бориши билан чамбарчас боғлиқ.

Бугун ишлайман, тадбиркорлик билан шуғулланаман, деган одамга барча шароитлар яратилган. Термиз шаҳридаги собиқ механика заводи биноси анчадан бери бўш турган эди. "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти ҳамкорлигида умумий майдони 5 гектар, иншоотлар жойлашган ҳудуди 1,3 гектар бўлган мазкур ҳудудда таъмирлаш ишларини олиб бормоқдамиз. Лойиҳа қиймати 17 миллион доллар бўлиб, шундан 15 миллион доллари "Асакабанк" кредитидир.

Бугун бу каби лойиҳаларни молиялаштириш учун кредитлар бутунлай янги механизм асосида ажратилмоқда. Яъни замонавий йигирув, тўқув ва бўяш асбоб-ускуналари сотиб олиш бўйича тўқимачилик лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун тижорат банкларида кредит линиялари очилади. Тижорат банклари жалб этаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда банклар ёки уларнинг инвестиция компаниялари лойиҳанинг 100 фоизи миқдорида корхона низом жамғармасида қатнашиши ёки молиялаштириши мумкин. Тижорат банкларига лойиҳаларни амалга ошириш муддатидаги инвестиция даврида ажратилган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизларни капитализация қилиш ҳамда уларда улушли иштироки бўйича чекловларни қўлламаслик ҳуқуқи берилмоқда.

Корхонани 2018 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. Давлатимиз раҳбари режаларимизни эшитди. Корхонанинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, бу ерда уч сменада иш ташкил этилишини қўллаб-қувватлади. Асосийси, янги иш ўринлари яратилишига алоҳида аҳамият қаратишимизни қайд этди.

Президентимиз мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш йўлида ҳеч қандай муаммо, тўсиқ ва қийинчиликлар бўлмаслигини таъкидлагани бизга янги куч бағишлади. Келажакда маҳсулотларимизни нафақат юртимиз бозорларида, балки экспортга йўналтириб жаҳон тўқимачилик соҳасида ўз брендимизга эга бўлмоқчимиз.

Шуҳрат Маманазаров,

"Жануб текстиль" масъулияти
чекланган жамияти раҳбари.

ЎзА
841






Все о погоде - Pogoda.uz