Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2017 16:58 Чоп этиш версияси

Дори воситаларини ноқонуний олиб киришнинг олди олинмоқда

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, фармацевтика саноатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Хориждан келтириладиган дори воситалари, тиббий буюмлар, шунингдек, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун қўлланиладиган хомашёларга нисбатан божхона тўловларида турли имтиёзлар жорий этилган.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддасига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни экспорт ва импорт қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 8 июнда тасдиқланган Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари, шунингдек, 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин. Бу жараёндаги энг муҳим талаблардан бири, божхона орқали шахсий мақсадларда олиб ўтилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.

Шунга қарамай, тадбиркорликнинг сохта йўлини афзал билган айрим устамонлар божхона назоратидан яширин равишда фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий буюмларни олиб ўтишга уринмоқда.

2016 йилда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 130 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатида қиймати 2,4 миллиард сўмдан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмларнинг яширин олиб ўтилишига чек қўйилди.

Мисол учун, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан Москва – Тошкент рейси бўйича парвозини якунлаган А.Тўхтаевга (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) тегишли багаж божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 150 дона сунъий эшитиш мосламаларини божхона назоратидан яширин равишда олиб киришга урингани аниқланди.

Ушбу шахс қиймати салкам 153 миллион сўмлик мазкур тиббий буюмларни уларнинг ўрамларисиз олиб киришга ҳаракат қилган. Шу боис дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бўйича мутахассислар мазкур сунъий эшитиш мосламаларини Ўзбекистон Республикасида қайд этилган дори воситалари ва тиббий буюмлар Давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида маълумот бериш ҳамда таҳлил ишлари олиб бориш имкони йўқ, деган тўхтамга келди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Пойтахтлик Г.Усмонова Деҳлидан қайтаётиб, пойтахт аэропортида кўз учун мўлжалланган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 390 дона дори воситасини яширинча олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Истанбулдан қайтган фуқаролар А.Умиров, У.Ҳамидова, Л.Атоев, Х.Ягмуров, шунингдек, Деҳлидан учиб келган А.Турғунов ҳам дори воситаларини яширин равишда божхона чегараларидан олиб ўтишга уринган пайтда фош қилинди. Ушбу қонунбузарлик ҳолатларида улар томонидан жами қиймати 4 миллион сўмдан ортиқ бўлган 405 дона дори воситасининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Туркиядаги сафарини якунлаб, мамлакатимизга келган хорижий фуқаролардан бири В.Содиқ ҳам божхона қоидаларини бузишга уринган. У йўловчи божхона декларациясида ҳам, оғзаки сўровлар пайтида ҳам маълум қилмасдан туриб, 37 дона стоматология пломбаларни олиб киришга уринган экан.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА
863