ЎзА Ўзбек

17.09.2019 Чоп этиш версияси

Чирчиқ шаҳрида янги фабрика иш бошлади

Чирчиқ шаҳрида янги фабрика иш бошлади

Чирчиқ шаҳрида “Uztex Group” компаниясининг МДҲда ягона бўлган хом ипни бўяшга ихтисослашган фабрикаси ишга тушди.

Кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган тантанали тадбирда Чирчиқ шаҳар ҳокими Қаҳрамон Рашидов ва бошқалар сўзга чиқиб компаниянинг ўн йиллик фаолияти давомида эришган ютуқлари ва янги корхонанинг ишга туширилиши мамлакат тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг равнақида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ривожида “Uztex Group” компаниясининг ҳам алоҳида ўрни бор. Компания 2009 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугун у ўнта корхонани ўзида жамлаган. Бу корхоналарда 10 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Корхоналар фаолиятида кластер шаклидаги иш тартиби жорий этилган бўлиб, унда пахта етиштиришдан то тайёр кийимгача бўлган жараён амалга оширилади.

Айни кунда “Uztex Group” маҳсулотларининг 95 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Корхоналарда ип, матолар, кийим-кечаклар, момиқ сочиқлар, пайпоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Италия, Германия, Англия, Франция каби дунёнинг 45 давлатига экспорт қилинмоқда. Ички бозорга эса матолар чиқарилаётир.

– Бугунги талаб ва эҳтиёжлар “Uztex Group” жамоасини фақат изланишга ҳамда янгидан-янги ғоялар устида ишлашга ундамоқда, – деди “Uztex Group” компанияси бош директори Фазлиддин Сирожиддинов. – Бир жойда тўхтаб қолиш эса мумкин эмас. Хом ипни бўяшга мўлжалланган янги фабрикамиз шу изланишларимиз натижаси, қолаверса, “Uztex Group” фаолиятининг ўн йиллигига муносиб туҳфадир. Бу ерда 300 дан зиёд иш ўрни яратилди ва у суткасига 50 тонна хом ипни бўяш қувватига эга. Яна бир аҳамиятли жиҳати, корхонамиз Швейцария, Германия ва Туркиянинг энг замонавий технологиялари билан жиҳозланганидадир.

8 580
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА