Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 15:38 Чоп этиш версияси

Буюк Британия элчихонаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди

Пойтахтимизда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик самараларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бирлашган Қиролликнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ривожи, 2016 йилда эришилган ютуқлар, амалга оширилган йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бораётир. Мамлакатимизда Буюк Британия капитали иштирокида тузилган қарийб 550 корхона фаолият юритаётир.

Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда. 2016 йил 17 ноябрда Тошкентда ушбу кенгашнинг 23-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Британиянинг 30 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этди.

– Буюк Британия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар улкан салоҳиятга эга, – деди Кристофер Аллан. – Ўзбекистонда Британия компаниялари аудит, молия ва ҳуқуқ, лойиҳаларни бошқариш, муҳандислик каби соҳаларда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2016 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 43 фоиз ўсган. Тобора ривожланаётган Ўзбекистон бозорида Британия компаниялари сафи кенгайиб бораётгани бизни қувонтиради. Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит кўплаб давлатлар қатори Буюк Британия сармоядорлари учун ҳам истиқболли ҳамкорликка йўл очаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳи ҳамда Буюк Британия парламентининг “Британия – Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи ўртасида имзоланган англашув меморандуми асосида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.

Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, 2016 йилда бу борада қатор лойиҳалар амалга оширилгани қайд этилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ инглиз тилини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишларга Британия кенгаши муносиб ҳисса қўшмоқда.

Анжуманда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг самаралари, ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Севара Алижонова, ЎзА
2 885






Все о погоде - Pogoda.uz