Бунёдкорлик: қишлоқда замонавий мажмуа иш бошлади
Айни пайтда мажмуада олма, нок, хурмо, узум, олхўри сингари меваларни сақлашга қўйиш бошланди. Захирага қўйилган бундай маҳсулотларнинг ҳажми 1000 тоннадан ошди.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани Кумидон қишлоғида “Замин саховати” совитиш ва музлатиш омборлари мажмуаси иш бошлади.“Композит Панел Сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Mega trading progress” ҳамда “Selvir max bos milk” хусусий корхоналари ҳаммуассислигида барпо этилган мажмуанинг ҳар бири 100 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сақлаш қувватига эга 25 камерадан иборат. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган мажмуада бир вақтнинг ўзида 2 минг 500 тонна мева-сабзавотни сақлаш мумкин.
Айни пайтда мажмуада олма, нок, хурмо, узум, олхўри сингари меваларни сақлашга қўйиш бошланди. Захирага қўйилган бундай маҳсулотларнинг ҳажми 1000 тоннадан ошди.
– Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун муассисларнинг ўз маблағи ҳисобидан 770 минг доллар ҳамда банкнинг 970 минг долларлик кредит сармояси сарфланди, – дейди корхона иш юритувчиси Ш.Жўраев. – Бугун юртимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар биз, тадбиркорларни янги-янги бизнес лойиҳалар устида изланишга ундамоқда. Ушбу замонавий мажмуага сарфланган маблағ бизнес-режада кўзда тутилган муддатда ўзини қоплаб, даромад ва фойда келтиришига ишончимиз комил.