Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2017 19:01 Чоп этиш версияси

Бухоро вилояти пиллакорлари такрорий пилла етиштиришдан мўл ҳосил олди

Мамлакатимизда август ойининг иккинчи ўн кунлигидан Хитой замонавий технологиясидан фойдаланган ҳолда ипак қурти боқишга киришилди.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан ёш пиллакор Муҳайёхон Холиқова бир қути қурт уруғини парвариш қилиб, 67 килограмм сифатли “кумуш тола” ҳосили олди. Албатта, ёз охирида, яъни ҳаво ҳарорати ҳатто уйда 40 даражага етган кунларда пилла етиштириш осон иш эмас. Ҳаво ҳарорати 26 даражадан ошдими, қуртнинг қимирлашга ҳоли қолмайди, озуқага интилмайди. Оқибатда у заифлашиб, нобуд бўлиши мумкин. Демак, қурт боқиладиган хона ҳароратини мўътадил сақлаш лозим. Бунга қандай эришилади?

– Мутахассислар тавсиясига амал қилдик, – дейди Муҳайёхон. – Қуёш нури хонага меъёридан ортиқ тушмаслиги ва ҳаво ҳарорати ошиб кетмаслиги учун ойналарга тортилган оқ бўз материал вақти-вақти билан намлаб турилди. Аммо бунинг ўзи кифоя қилмайди. Шунингдек, хона бурчакларига сув тўлдирилган идиш қўйилди. Бу хонадаги ҳарорат мўътадиллигини таъминлаб, қуртнинг фаоллигини оширади, иштаҳасини очади.

Ипак қурти озуқага қанча яхши тўйса, ҳосил шунча мўл бўлади. Очиғини айтганда, ёзда барг масаласи сал нозикроқ. Гап шундаки, баҳорда кесилгани ўрнига ёзда чиққан янги новдадаги барглар иссиқда кўкламдагидан кескин фарқ қилади, яъни дағалроқ бўлади. Бундай баргни қурт яхши истеъмол қилмайди. Шунинг учун мутахассислар офтоб нури тегмайдиган пастки қисмида ерга эгилиб ўсган новдаларни кесиш ёки улардаги баргларни қўлда теришни тавсия қилади.

Албатта, шу ўринда озуқа тежамкорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айни шу жиҳатдан Хитой технологиясининг афзаллиги намоён бўлади.

– Илгари баҳорда қурт боқиладиган хоналарда ҳарорат кўтарилганда баргнинг анча қисми сўлиб, димиқиб қоларди, – дейди Ғиждувон "Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Вали Мажидов. – Бундай озуқани пилла қурти хуш кўрмайди. Хуллас, барг чиқитга чиқарди. Хитой технологияси бўйича қуртга озуқа берилгач, устига ҳаво кириб туриши учун бигиз учи катталигида тешилган плёнка тортилади. Бундай шароитда плёнка остидаги барг сўлмайди, димиқмайди, хушхўрлиги сақланиб қолгани боис исроф бўлмайди. Озуқа сарфи 20-30 фоизга иқтисод қилинади. Озуқани тайёрлашга кетадиган меҳнат ҳам тежалади.

Пилллакорнинг пировард меҳнат натижаси рағбату манфаатдорликка ҳам боғлиқ. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатга кўра, пилла етиштириш билан шуғулланувчилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар бўйича ягона ижтимоий тўловлардан озод қилинди. Уй шароитида тирик пилла етиштирувчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайдиган бўлди. Пилла боқувчилар ва тизим касаначиларининг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи, деб ҳисобланади. Бу янада яхши натижага ундайдиган манфаат, пилла етиштирувчининг мўл даромадига омил.

Муҳайёхон баҳорги мавсумда 2 қути ипак қурти боқиб, 181 килограмм ҳосил олган эди. Эвазига оила бюджетига салкам 2 миллион сўм пул тушди. Кузги ҳосилнинг ҳар бир килоси учун қайта ишловчи “Бухоро Бриллиант Силк” қўшма корхонаси 12 минг сўм, жами 804 минг сўм тўлади. Гулшода Сафарова, Феруза Жамолова, Зулфия Тоҳирова ва бошқа пиллакорларнинг ҳам даромади шундай бўлди.

Бухоро вилояти пиллакорлари такрорий қурт парвариши даврида шартномага асосан 2 минг 500 қути қурт боқиб, 101 тонна “кумуш тола” етиштирди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 964






Все о погоде - Pogoda.uz