Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 13:23 Чоп этиш версияси

Бухоро туманида янгиланган намунавий лойиҳадаги уйлар ўз эгаларига топширилди

Бухоро туманидаги “Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида ҳар бири 16 хонадонга мўлжалланган иккита қўшқаватли ва майдони 2 сотихдан иборат ўнта бир қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этишга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бугунги кунда қишлоқларимиз тобора чирой очиб, аҳоли турмуш фаровонлиги муттасил юксалиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон турар жойга бўлган эҳтиёжини имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобидан таъминлаш, шу орқали аҳоли турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Шароити шаҳарникидан қолишмайдиган бундай уйлар нархи нисбатан арзонлиги билан барчанинг эътиборини тортмоқда, – дейди янги уй соҳибаларидан бири Наргиза Шарипова. – Биз истиқомат қилаётган уч хонали уй учун тўловнинг бошланғич бадали атиги 15 фоиз. Нархнинг қолган қиймати “Қишлоққурилишбанк”дан 15 йил муддатга ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан қопланиши ёш оилалар учун жуда қулай. Бундан ташқари, қишлоқ шароити инобатга олиниб, тандир қуриш, мевали дарахт ўстириш, парранда боқиш имконияти мавжуд.

– “Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида уй-жой қурилаётганини эшитиб, туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилдим, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали шифокори Суҳроб Кенжаев. – Банк ҳам кредит ажратди. Мана, оиламиз билан уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Уйимиз Бухоро шаҳрига яқин бўлиб, ишга бориб келиш ҳам қулай. Кеча отам меҳмон бўлиб келди. Шаҳардагидан қолишмайдиган шароитларни кўриб, “Таърифлаганларича бор экан. Ёш оилаларни қўллаётган давлатимизга, Президентимизга раҳмат”, деб дуо қилди.

Работак маҳалласидаги 2017 йил дастури ҳисобидан янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар ҳудудда давом этаётган бунёдкорлик ишларининг дебочаси. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига қадар бу ерда ҳар бири 4 сотихдан иборат яна 130 дан зиёд тўрт хонали уй ўз эгаларига топширилади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 031






Все о погоде - Pogoda.uz