Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 21:47 Чоп этиш версияси

Божхона хизмати вакиллари билан очиқ мулоқот

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт билан шуғулланувчи ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда божхона бошқармаси, прокуратура, солиқ, ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, фермерлар, экспортёр ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 25 майдаги “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатбардошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

– Ушбу фармонга асосан, 2017 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган товарларни экспорт қилиш, янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экинларидан, шунингдек, Биринчи Президентимизнинг 1997 йил 10 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони 2-иловасида кўрсатилган хомашё товарларидан ташқари, чет эл валютасида олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномаларини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириши мумкин, – дейди вилоят божхона бошқармаси ходими, божхона хизмати лейтенанти А.Қўлдошев. – Бунда шартнома миқдори 100 минг доллар эквивалентидан ошмаслиги, товарлар экспорт қилинган кундан бошлаб, 90 кун ичида мажбурий валюта тушумининг келиб тушиши таъминланиши керак. Фақат ўзлари ишлаб чиқарган товарларнинг кейинги экспорти мазкур қўшимча банднинг шартларига мувофиқ экспортчи ташкилотнинг ушбу бандда кўрсатилган шартларда аввалги дебиторлик қарзи бўлмаган тақдирдагина амалга оширилади.

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар бериш юзасидан божхона имтиёзлари қўлланилиши ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асосида “Сирдарё-фарм” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди. Одам савдосига қарши курашиш йўналишида божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар билан таништирилди.

Тадбир сўнгида “Кўнгилдаги қора доғлар” деб номланган танқидий-таҳлилий видеофильм намойиш этилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 046






Все о погоде - Pogoda.uz