Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2017 19:18 Чоп этиш версияси

Бизнеснинг ўз «қанотлари» бўлади ёки бизнес авиацияси ҳақида

Ишбилармоннинг ҳар дақиқаси ғанимат. Зеро, юзлаб ишчи-ходимларнинг маоши ўз вақтида тўланишини таъминлашдан тортиб стратегик аҳамиятга эга бўлган улкан лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳам бизнесменнинг вақти, моддий ва молиявий ресурсларидан оқилона фойдаланиши билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ишбилармонлик авиациясининг ташкил этилишига старт берилиши вақт тизгинини қўлдан бермайдиган ана шундай тадбиркорлар учун айни муддао бўлди, дейиш мумкин.

Ҳаво йўллари бошқа турдаги транспорт воситаларига нисбатан манзилга тез етиб боришни таъминласа-да, бирмунча қимматлиги боис ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармаслигига эътибор бериш зарур. Шу маънода бизнес авиациясига мамлакатимизда айнан бугун асос солинаётганини табиий жараён сифатида баҳолаш мумкин. Қолаверса, Осиё мамлакатларининг жадал ривожланаётгани, улар ўртасидаги интеграциялашувнинг жадаллашаётгани Евроосиё минтақасида қулай жўғрофий ўринда жойлашган Ўзбекистоннинг халқаро транзит имкониятларини ошириб юбормоқда.

Бу ўринда қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон, Афғонистон билан ҳаво қатновларининг йўлга қўйилгани натижасида эндиликда ушбу мамлакатлар фуқаролари узоқ сафарларга Ўзбекистон ҳаво бандаргоҳлари ва самолётларидан фойдаланган ҳолда чиқишлари мумкинлигини келтириб ўтишнинг ўзи кифоя.

Таъкидлаш керакки, бизнес авиацияси фуқаро авиациясининг энг ёш тармоқларидан бири саналади. Агарда МДҲ ҳудудини олиб қарайдиган бўлсак, бундай турдаги хизматларни кўрсатишга қодир инфратузилма бир неча йирик ҳаво бандаргоҳларидагина мавжуд эканига гувоҳ бўламиз.

Улар орасида Москвадаги «Внуково-3» ҳаво бандаргоҳини кўрсатиш жоиз. Россия ҳамда Шарқий Европадаги энг йирик бизнес авиацияси маркази ҳисобланган мазкур аэропорт иккита VIP терминали, автотураргоҳ ҳамда қўриқланадиган ҳудудга эга. Перрон ва ангар мажмуалари бир вақтнинг ўзида 250 дан зиёд ҳаво кемаларини сиғдириб, уларга хизмат кўрсата олади. Ангарлар иситиш, вентиляция, ёритиш ҳамда автоматик тарзда ёнғинни ўчириш тизимлари билан жиҳозланган. Саккизта музокаралар хонаси, банкоматлар, барлар ва «Duty Free» дўконлари йўловчилар учун қулайлик яратади.

Дунёда глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви, трансмиллий корпорациялар кўламининг кенгайиши билан ҳаво бандаргоҳларида «учар лимузинлар», яъни мижознинг истагига кўра ҳар дақиқада ҳавога кўтарилишга тайёр самолётларнинг ҳиссаси тобора ортмоқда. Маълумотларга кўра, ишбилармонлик авиацияси бозорининг дунё бўйича йиллик даромади 250 миллиард долларни ташкил этади.

«Bombardier Business Aircraft» компанияси маълумотларига кўра, дунё иқтисодиётининг ўсиши билан бизнес авиациясига бўлган талаб ҳам ортиб боради. Компания прогнозларига кўра, 2016-2025 йилларда 8 минг 300 та енгил, ўрта ва оғир бизнес самолётлари етказиб берилади. Бунда АҚШ ва Европа мамлакатлари анъанавий равишда асосий харидорлар бўлиб қолса-да, МДҲ давлатлари ва Хитой фуқароларининг ҳам мазкур турдаги самолётларга талаби ортиши кутилмоқда.

Сирасини айтганда, ишбилармонлик авиациясининг «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида қад ростлайдиган янги ҳаво бандаргоҳида ташкил этилиши қатор масалаларга оқилона ечим топиш имконини беради. Энг аввало, йўловчилар оқимининг ортиши туфайли бугунги кунда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг хорижий делегацияларни олий даражада кутиб олиш имконияти чекланмоқда. Айни пайтда янги аэропортнинг қад ростлаши наинки олий даражадаги меҳмонлар ва ишбилармонлар, балки юртимизга ташриф буюраётган кўплаб хорижлик сайёҳларга намунали хизмат кўрсатиш, пойтахт ҳаво бандаргоҳининг транзит имкониятларини ошириш имконини берадики, бу келгусида иқтисодиёт тармоқларига ўзининг ижобий натижасини кўрсатиши тайин.

– Бугун Тошкент ва Самарқанд, Бухоро сингари юртимизнинг ташриф қоғозига айланган шаҳарларимиз ўртасида ҳаракатланаётган «Афросиёб» поездлари ёки Ўзбекистон байроғи тусига бўялган Нью-Йорк – Тошкент ва бошқа халқаро йўналишларда узлуксиз парвозни амалга ошираётган «Dreamliner» самолётларини кўрган ҳар қандай хорижликнинг мамалакатимиз салоҳияти ҳақидаги тасаввурлари бойимоқда, – дейди «Dentafill Plus» корхонаси раҳбари Саркор Исанбоев. – Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиёда мутлақо янги тизим, яъни якка тартибдаги ва корпоратив парвозларни амалга ошириш учун барча замонавий инфратузилмага эга бўлган ҳаво бандаргоҳининг бунёд этилиши, ишонамизки, бугунги кунда чет эл бозорларини забт этаётган, халқаро савдо муносабатларида тобора фаоллашиб бораётган тадбиркорларимиз учун муҳим қулайлик бўлади.

Янги турдаги авиаташувларнинг йўлга қўйилиши мамлакатимиз авиацияси тарихида муҳим ўринга эга бўлиши, шубҳасиз. Зеро, бугунги кунда дунёнинг энг пешқадам мамлакатларида йўлга қўйилган мазкур хизмат авиаташувлар бозорида Ўзбекистоннинг мавқеини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиз транзит салоҳиятини ошириш ва энг асосийси юртимиз ҳамда хорижлик тадбиркорларининг узоғини яқин қилишда муҳим омил бўлади.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
1 874






Все о погоде - Pogoda.uz